Ссылки доступа

Хитойнинг ТВЕА компаниясига берилган Тожикистондаги икки коннинг олтин заҳираларини 64 тонна деб баҳолашди


Тожик расмийларининг баёнотига кўра, Душанбе шаҳар Иссиқлик электр станцияси (ИЭС) қурилиши эвазига Сўғд вилоятининг Айний туманидаги Хитойнинг ТВЕА корпорациясига берилган «Юқори Кумарг» ва «Шарқий Дуоба» олтин конлари “64 тонна олтинга эга”.

Олдинроқ бу конлардаги олтин заҳиралари 51,7 тонна деб баҳоланган. Геологларнинг баҳолашича, «Юқори Кумарг» ва «Шарқий Дуоба» конларидаги олтиннинг умумий заҳираси 117 тоннага етиши мумкин.

Сўнгги ахборот 28 ноябр куни парламентнинг қўйи палатаси мажлисида Тожикистон саноат ва янги технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Шарифий томонидан янгради. Шу куни халқ депутатлари августда имзоланган “ресурс услуби” билан ИЭС қурилиши лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги Тожикистон Республикаси энергетика ва саноат вазирлиги,ХХР “ТВЕА” очиқ акциядорлик жамияти ўртасида имзоланган келишувни ратификация қилишди.

Қаршилар тожик расмийларини руда конларини, шу жумладан, олтин ва кумуш конларини хитойлик сармоядорларга топширганлари учун бир неча марта танқид қилишган: қазиб олинган бойликлар қайта ишлаш учун мамлакат ташқарисига олиб чиқилади. Бироқ расмийларнинг иддао қилишича, конлар шунчаки совға қилинмаган, бу мамлакат табиий бойликларини сотиш ҳам эмас, балки сармоялар жалб этишнинг янги кўринишларидан бири.

«Ҳали Совет Иттифоқи даврида ўтказилган дастлабки геолог разведкаси ўтказилган пайтдаёқ улардаги олтин заҳираси 51,7 тонна деб баҳоланган. Сўнгги йил ичида конларни ўзлаштираётган корхона 53 миллион доллар жалб қилиш ҳисобига кўрсатилган заҳираларни 64 тоннагача оширишга муваффақ бўлган. Ҳали тадқиқ қилиш керак бўлган заҳираларни инобатга олган ҳолда таркибида олтин бўлган рудаларнинг умумий миқдори 100 тоннагача етиши мумкин» - дейди Шарифий. Унинг яна айтишича, ТВЕА компанияси йил охиригача олтин қазиб олишга киришади. Тожик расмийларининг тахминларига мувофиқ, Хитойнинг бу компанияси ҳар йили икки ярим тонна олтин қазиб олади.

2016 йили ТВЕА Душанбеда қуввати 400 МВтга тенг, 349 млн долларга тушган ИЭС-2 қурилишини якунлади. Ушбу суммадан Хитой Эксимбанкининг кредити 331,5 млн долларни ташкил этди. Эришилган келишувларга мувофит, Хитойнинг ТВЕА компанияси “Душанбе-2” ИЭС қурилиши учун сарфлаган маблағларини қоплаб олмагунига қадар «Юқори Кумарг» ва «Шарқий Дуоба» конларидан олтин қазиб олиш ҳуқуқига эга.

Тожик расмийлари ТВЕА сарфлаган маблағларини қоплаб бўлганидан кейин қорлган ресурслар республика фойдасига қазиб олинишига умид қилмоқда. Бироқ ТВЕА раҳбари Чжан Син Хитойдаги stcn.com сайтига айтишича, “агар компания иккилда кондан сарфлаган маблағини чиқариб ололмаса, Тожикистон ҳукумати ТВЕАга бошқа конларни ҳам тақдим этишга розилик берган”.

«Юқори Кумарг» ва «Шарқий Дуоба» - хитойлик сармоядорларга берилган Тожикистоннинг ягона конлари эмас. Тожикистонда олтиннинг 80 фоиздан кўпроғини қўшма хитой-тожик компаниялари, шу жумладан, Сўғдда “Зарафшон” ва Ромитда “Пакрут” қазиб олади.

XS
SM
MD
LG