Ссылки доступа

Қозоғистонда аёлини гаровга олган эркак портлатиш билан таҳдид қилди


28 ноябр куни полициячилар томонидан қўлга олингунича олти соатдан кўпроқ хотинини унинг идорасида ушлаб турган уральсклик киши энди тергов остида — унга нисбатан гаровга олиш иши бўйича иш қўзғатилган.

Полициянинг хабар беришича, тушлик вақтида эркак рафиқаси ишлайдиган нотариал конторага қамалиб олиб, гранатани портлатиб юбориш билан қўрқитган ва унда пичоқ борлигини ҳам хабар қилган. Жангир-хон кўчасидаги биринчи қаватида нотариус идораси жой лашган 73-кўп қаватли уйнинг юздан зиёд яшовчилари эвакуация қилинган. Кўпчилик 41-ёшли асиранинг озод этилиши борасидаги операциянинг якунланишини кўчада, яқин атрофдаги дўконларга исиниш учун кирган ҳолда ўтказишди. Кўп қаватли уйни электр таъминоти ва газдан ҳам узишди.

Эркак билан музокараларни полиция, прокуратура, махсус хизматлар ходимлари олиб боришди. Бу вақт оралиғида на полициячилар, на ҳокимиятнинг бошқа вакиллари изоҳ берди. Журналистлар хабарни эркак қўлга олинганидан кейин олдилар.

— 13:10 да «102» рақамига чақириқ келиб тушди. Қўнғироқ қилган киши “Жазира” бекатида пичоқ ва граната ушлаб турган киши таҳдид қилаётганини хабар қилди. Воқеа жойига полиция ходимлари келиши билан дағдаға қилган кимса нотариус идорасига қочиб киргани ва беркиниб олганини аниқлашди. 13:25 да уй яшовчиларини кўчириш бошланди. 20 рақамли мактаб биноси ҳокимият томонидан эвакуация қилинган яшовчиларга тақдим этилди. Иссиқ овқат берилди. Соат 15 ларда дастлабки талаблар илгари сурилди, сўнгра бу талаблардан воз кечди. Воқеа жойига унинг укаси ва синглиси келтирилди. Музокаралардан кейин ва қонунлар прокурор томонидан тушунтирилгач у асирани қўйиб юборди, — дейди брифинг чоғида Ғарбий Қозоғистон вилояти полиция департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи Серик Суйнбаев.

Эркак илгари сурган талаблар орасида йирик миқдорда пул ва самолёт борлигини айтишди. Гувоҳларнинг айтишича, музокаралар вақтида полиция ходимлари унга дераза орқали шампан виноси ва конфетлар узатишган. Полицияда буни на тасдиқлашган, на инкор этишган. Полиция маълумотига кўра, эркак шаҳар дўконларининг биридан сотиб олинган грната қолипини ишлатган.

Суйнбаевнинг айтишича, қўлга олинган шахсга нисбатан жиноят кодексининг 261 – моддаси (“Гаровга олиш”) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Полиция маълумотига қараганда, эркак аввал ҳам судланган, унга икки марта ҳимоя кўрсатмаси (бу ҳужжат маиший зўравонлик содир этган ёки ундан буни амалга ошириш тахдиди келадиган шахсга топширилади) ёзиб беришган.

Гаровда ушлаб турилган аёл касалхонага келтирилган, унинг чап оёғига пичоқ жароҳати етган. Полицияда ҳодисани “оилавий-маиший можаро” деб аташган.

XS
SM
MD
LG