Ссылки доступа

Тарихда илк бор Еврокомиссияни аёл киши бошқармоқда


1 декабрь куни Германия вакили Урсула фон дер Ляйен бошчилигида Европа комиссиясининг янги таркиби расман ишга киришди. У тарихда илк бор Еврокомиссияни бошқарадиган аёл бўлди.

ЕИ Кенгаши раиси – ваколатлари чекланган ўзига хос “Европа Иттифоқи президенти” бўлмиш Дональд Туск ўрнини Бельгия собиқ бош вазири Шарль Мишель эгаллади.

Еврокомиссия – Европа Иттифоқи ижроия идораси. У Умумевропа қонунларини ишлаб чиқади, шунингдек ЕИ мамлакатлари амалдаги меъёрларни қандай бажараётганини кузатиб боради. Еврокомиссия 5 йил муддатга –2024 йилгача сайланган. Унинг таркиби ўтган ҳафтада Европарламент томонидан тасдиқланди. Комиссиянинг янги таркибини 461 депутат қўллаб-қувватлади, 157 нафари қарши чиқди. Унинг таркибига Европадаги учта йирик партия бирлашмалари –ўнг марказчилар, сўлмарказчилар ва либераллар кирди. Сўл ва ўнг популистлар ва евроскептиклар қарши чиқди, яшиллар бетараф қолди.

Комиссия таркибида 27 киши – иттифоқини тарк этишга қарор қилган Буюк Британиядан ташқари ЕИга аъзо барча мамлакатларнинг вакиллари бор. ЕИ чақириғига қарамай Лондон ўз вакили тайинланишига рози бўлмади.

Фон дер Ляйен 61 ёшда бўлиб, Германия христиан демократлар вакили ва Ангела Меркелнинг сиёсий иттифоқчисидир. У Германия мудофаа вазири лавозимида ҳам ишлаган.​ У шу йил баҳорида Европарламент сайловларида ёрқин ғолиб бўлмагани боис келишув асосидаги номзод бўлди. Унинг биринчи ўринбосари Нидерландиялик социалист Франс Тиммерманс бўлди, ташқи сиёсат маҳкамасини испаниялик социлалист Жозеп Борель бошқаради.

XS
SM
MD
LG