Тожикистонда автотранспортларнинг 60 фоизидан кўпроғи ёқилғи сифатида суюлтирилган газдан фойдаланади.
Тожикистонга Ёқилғи мойлаш материалларини етказиб берувчи компания юзага келган вазият борасида ҳозирча изоҳ бермади. Тожикистон Аксилмонополия хизматининг Радио Озодига маълум қилишича, идора мутахассислари суюлтирилган газ нархининг ошиши сабабларини ўрганмоқда.
Душанбелик такси ҳайдовчи Баҳриддин Абдуллоев ўтган ҳафтада ҳар куни машинасига 60 сомони (6 доллар)дан суюлтирилган газ оларди. «Сўнгги кунларда менинг ҳаражатларим15-20 сомонига ошди, яъни мен ҳар куни машинамга 80 сомонига суюлтирилган газ сотиб оламан. Ёқилғи нархи ошгани боис, йўлкира кўтарилганини йўловчиларга қандай тушунтираман?», -дея эътироз билдиради таксичи.
Шахсий транспортида Душанбедан Кулобга ва Кулобдан Душпанбега йўловчи ташиш билан шуғулланувчи Парвиз исмли бошқа бир ҳайдовчининг айтишича, сўнги ҳафталарда йўл кира 45 сомонидан 50-55 сомонига кўтарилди.
Тожикистон иқтисодий тараққиёт ва савло вазирлигининг маълумотига кўра, автомобиль транспортининг 60 фоизидан кўпроғи бугунги кунда суюлтирилган газда ишлайди. Ёқилғининг бу турини Тожикистонга олиб келиш билан 30 дан ортиқ компания шуғулланади, шулардан энг йириклари «Газпромнефть-Таджикистан» ва «Фароз» ҳисобланади.
Душанбедаги АЁҚШ ходимлари Радио Озоди билоан суҳбатда нарх ошишининг сабабларини айтишга қийналишди. Улардан бири сабабини суюлтирилган газни экспорт қиладиган мамлакатлардан қидириш кераклигини айтди.
Икки ой муқаддам Тожикистон расмийлари баёнот бериб, ёқилғи олиб келинадиган Қозоғистонда нархи ошганига қарамай суюлтирган газ импорт ҳажми ошганини маълум қилган эди. Сентябрда етказиб берувчи компаниялар суюлтирилган газ импорти ҳажмини 31,5 минг тоннагача оширган эди. Ўтган йили тожик бозорига 350 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Ёқилғининг бу тури асосан Қозоғистондан етказиб берилади, шунингдек маълум қисми Россия, Туркманистон ва Қирғизистондан олиб келинади.
Эслатиб ўтамиз, ёз фаслида Қозоғистон суюлтирилган газ экспорт нархини икки баробар оширди. Хукумат баёнот бериб суюлтирилган нефт-газ улгуржи нархининг кўтарилишини ёқилғини мамлакатдан ташқарига олиб чиқилиши кўпайиб кетгани билан изоҳлади.
Суюлтирилган газ нархининг оширилиши, ЁММ етказиб берувчи компаниялар мутахассисларининг фикрича, ёқилғининг бу турига талабнинг ошиб бориши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бироқ экспертлар нархнинг ошишига бозорда соғлом рақобат йўқлиги сабаб бўлаётганини айтишади.