Ссылки доступа

Тожикистонда Зарафшон ва Рама музликларининг жадаллик билан эришидан хавотирдалар


Марказий Осиё мамлакатлари аҳолисининг катта қисми тақдири боғлиқ бўлган Тожикистондаги энг йирик музликлардан бири – Зарафшон музлиги жадал тезликда қисқармоқда: сўнгги 40 йилда у 1700 метр йўқотди.

Зарафшон музлигининг “укаси” Рама музлиги тақдири ҳам ўхшаш бўлиб, сўнгги йилда у 85 метрга чекинди.

Октябрь ойида бир гуруҳ тожик олимлари ўтказган тадқиқотнинг кўрсатишича, Зарафшон музлиги 40 йил ичида ҳар йили тахминан 40 метрга қисқариб бормоқда. Мазкур музлик Зарафшон ва Туркистон чўққилари ўртасида жойлашган бўлиб, Тожикистон ва Марказий Осиёдаги энг муҳим дарёларидан бири Зарафшон ўша ердан бошланади.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги трансчегаравий дарё ҳисобланган Зарафшон дарёси ҳавзасида миллионлаб одамлар истиқомат қилади, қўшни мамлакатнинг 6 миллиондан зиёд аҳолисининг тақдири ушбу дарёга боғлиқ. Зарафшон музлигининг узунлиги 900 километрни ташкил этиб, унинг 500 километри Ўзбекистон ҳудудидан ўтган.

Тожикистон гидрометеорология Агентлигининг тадқиқотчиси ва гяциология бўлими бошлиғи Александр Пировнинг 2 декабрь куни Озодлик радиосига хабар беришича, музликнинг эриши табиий жараён ҳисобланади, бироқ сўнгги йилларда музларнинг эриши ташвиш уйғотмоқда. «Бу узунлиги 25 чақиримга чўзилган жуда йирик музлик. Тасаввур қилинг, 40 йил ичида у 1700-1800 метрга чекинди ва ҳозир узунлиги 23 километрни ташкил этади», - дейди тадқиқотчи.

Зарафшонга қўшни музликнинг ҳолати ҳам умид уйғотмайди. Октябрнинг охирги ҳафтасида Рама музлигининг туби ва тилини ўрганиш шуни кўрсатдики, 1988 йилдан бери то шу кунгача музлик йилига 85 метрни йўқотмоқда ва 2 километру 620 метрга қисқарган. Узунлиги 9 кмни ташкил этадиган Рама музлиги Зарафшон дарёсининг юқори қисмида, денгиз сатҳидан 3500 метр баландликда жойлашган.

Охирги 31 йилда Тожикистон ва бутун Марказий Осиёнинг бебаҳо табиий ресурси манбаси бўлган музнинг 8 квадрат километри ғойиб бўлди. Тожик олимларининг тахминига кўра, агар ҳарорат ошишда давом этса, Тожикистонда дарё ва музликлар келажаги савол остида қолади.

Тожикистонда музликларни ўрганиш ва сақлашга қаратилган, 2010-2030 йилларга оид Давлат дастурида айтилишича, «музликлар майдони йилига 1 фоизгача қисқариб боради».

Юқори қисмда жойлашган Марказий Осиё мамлакати Тожикистон минтақадаги сувнинг асосий манбаи бўлиб, бу ерда минтақадаги сувнинг 65 фоизи тўпланади.

XS
SM
MD
LG