Воқеа жойига борган мухбирнинг айтишича, портлаш иккинчи қаватдаги хонадонда содир бўлгани тахмин қилинмоқда. Портлаш содир бўлган хонадон жойлашган подъезднинг барча қаватларидаги хонадонларга ўт кетган.
Портлаш ортидан содир бўлган ёнғиндан 8 та хонадон зарарланган.
"Андижон шаҳри. 2019 йил 4 декабрь куни соат тахминан 14:05 да Андижон шаҳар 2-кичик даҳада жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида яшовчи 30-ёшли фуқаро Д.С.нинг хонадонида ўрнатилган газ тортгич мосламасида уйда ҳеч ким йўқлиги ва назоратсиз қолиши оқибатида кўп миқдорда газ тўпланиб чақнаши натижасида ёнғин келиб чиққан.
Ёнғин сабаб мазкур кўп қаватли уйда жойлашган 8 та хонадон зарар кўрган ҳамда 11 нафар фуқаролар термодеструктив маҳсулотларидан заҳарланиш ташхиси билан касалхонага ётқизилган. Жабр кўрганлар орасида 3 нафар воега етмаганлар бор. Жабрланганлар орасида қурбонлар йўқ", дейилган расмий хабарда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Расмий маълумотга кўра, воқеа жойига вилоят ҳокими ҳам етиб борган. Зудлик билан мутасадди ташкилотларга юзага келган зарарни қоплаш, фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш юзасидан топшириқ берилган.
Andijonliklar телеграм канали тарқатган видеоларда уйнинг бир подьездидаги тўрт қаватнинг ëнғин ичида қолгани акс этган.
Видеони шархлаëтган тасвирчи маҳаллий аҳоли кўмаги билан ëнаëтган бино ичидаги гўдаклар қутқарилганини айтди.
Тасвирлардан бирида бинодан 100 метр наридаги параллел кўчада жойлашган дўконлар витринаси портлаш зарбидан чил-парчин бўлгани акс этган.
Видеода Сobalt автомобили мажақланиб кетгани ҳам акс этган.