Ссылки доступа

Фаоллар Шинжондан қочган икки нафар этник қозоқни топширмасликка чақиришмоқда

9 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Қозоғистон бюросида бўлиб ўтган матбуот анжуманида фаоллар Қозоғистон ҳукуматига мурожаат қилиб ики нафар этник қозоқ — Кастер Мусаханули ва Мурагер Алимулини Хитойга топширмасликка чақирдилар.

Улар октябрь ойида Хитойнинг Шинжон минтақасидан қочганликлари борасида баёнот беришди. Сўнгги икки йилдан бери мазкур минтақадан туркий тилли туб жамоалар, жумладан қозоқларнинг таъқиб қилинаётгани борасида хабарлар келмоқда.

Учрашув спикерлари — фаоллар Жанболат Мамай, Ирисбек Тоқтасин ва сиёсатчи Толеген Жукеевлар Қозоғистон МХҚ Чегара хизматидиректори Дархан Дильмановнинг яқинда берган баёнотини танқид қилдилар. Унинг баёнот беришича давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтгани гумони билан Қозоғистон шарқидаги қамоқхонада сақланаётган Мусаханули ва Алимули суддан сўнг Хитойга қайтарилиши мумкин экан. Фаоллар, уларнинг фикрича, Мусаханули ва Алимули Хитойга қайтарилгудек бўлса ўлимга маҳкум қилинишидан хавотир олишмоқда.

Фаол Жанболат Мамай ўзининг чиқишида 2011 йилда Қозоғистон расмийлари томонидан Хитойга қайтарилган жуғрофия ўқитувчиси бўлмиш, уйғур қочқини Аршидин Исраилнинг тақдири ҳамон ноаниқлигича қолаётганини айтди. Хитой Исраилни террорчилик фаолиятида айблаб чиқди. Аршидин Исраил 2009 йил июлида Урумчидаги норозиликлар борасида ғарб матбуотига маълумот бергани боис таъқиб қилинаётганини айтган эди.

5 декабрь куни YouTube сайтида чегара хизмати директори Дархан Дильмановнинг интервьюси пайдо бўлди, у баёнот берар экан, Мусаханули ва Алимули устидан «Қозоғистон давлат чегарасини бузиш» иши бўйича суд «тез орада, декабрда» бўлиши мумкинлигини айтди. Унинг таъкидлашича, «барча процессуаль характердаги тадбирлар» якунланди.

14 октябрь куни Инсон хуқуқлари бўйича Қозоғистон бюроси матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Кастер Мусаханули ва Мурагер Алимули баёнот бериб 6 октябрь куни Шарқий Қозоғистон вилоятининг Шиликти қишлоғи яқинидан чегарадан ўтганликларини айтишган эди. Мусаханулининг айтишича, Шинжонда"лагерда" ушлаб турилган. Унинг сўзларига қараганда лагерда босим кўрсатилган ва калтакланган. Шинжондаги босимлар ва қўрқувлар ҳақида Мурагер Алимули ҳам баёнот берди. Маҳаллий фаоллар бир неча бор хукуматга мурожаат қилиб Кастер Мусаханули ва Мурагер Алимулига қочқин мақоми берилишини талаб қиладилар, чунки фаолларнинг фикрича уларнинг ҳар иккисини Хитойда хавфли тақдир кутмоқда.

Учрашув спикери Толеген Жукеевнинг айтишича, «Қозоғистон жамияти мазкур икки нафар этник қозоқни ҳимоя қилишга бурчлидир».

XS
SM
MD
LG