Ссылки доступа

Нур-Султонда эҳтимолий митинглар арафасида бир неча киши ҳибсга олинди


Нур-Султон суди икки фаол — Гульмира Халиқова ва Галия Тамабаеванинг ҳар бирини 10 кунга, яна бир фаол Марат Мусабаевни 15 кунга ҳибсга олишга қарор қилди, демоқда пойтахт фаоллари. Уларнинг ҳар уччаласига, хабарларга кўра, тинч намойишлар ўтказиш тартиб ва қоидаларини бузиш айби қўйилди

Фаолларнинг сўзларига қараганда, Халиқова ва Тамабаева ноябрь ойи сўнгидан бошлаб ЕИ ваколатхонаси олдида акция ўтказиладиган жойда бўлган. Маълумки бу ерда бўлиб ўтган тадбир иштирокчилари Европа дипломатларини Қозоғистон расмийларига инсон ҳуқуқларини риоя этишга чақиришган эди. Мусабаевга, хабарларга кўра, ижтимоий тармоқлар орқали ноқонуний митингга чиқишга даъват қилганлик айби қўйилди.

ЕИ ваколатхонаси олдидаги митингда иштирок этган фаол Салтанат Тулегенованинг айтишича, озодлиги чекланган фаол Халиқова 9 декабрь куни ушланди ва икки киши томонидан машинада олиб кетилди.

Тулегенованинг айтишича, Сариариқ туман полиция бошқармасига душанба куни борган қариндошлари ичкарига қўйилмаган. Аммо Халиқова панжара ортидан суд мажлиси борасида хабар беришга улгурган. Унинг айтишича, «полиция деворлари ортида атиги бир неча дақиқа бўлиб ўтган судда у 26-27 ноябрь кунлари бўлиб ўтган митингда иштироки учун 488 модданинг 1 қисми бўйича айбланиб 10 кунга қамалган».

Пойтахт суди ва полиция департаменти матбуот хизмати фаолларнинг ушланиши ва сайёр судлар борасида маълумот бермади. Бироқ суд актлари базаси маълумотларига кўра, уччаловининг иши 10 декабрга ўтар кечаси Нурсултон шаҳар туманлараро маъмурий судининг бир нафар судьяси Бауиржан Ахметкалиев томонидан кўриб чиқилган.

Фаолларнинг Facebook'да маълум қилишича, тинч норозилик акциялари иштирокчилари келаси ҳафтада бўлиб ўтиши эҳтимоли бўлган митинглар арафасида таъқиб қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG