Ссылки доступа

Метронинг Юнусобод йўналишида тупроқ ўпирилди


18 декабрь соат 10:00 атрофида Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг янги қурилаётган қисмида ёмғирнинг сурункали ёғиши оқибатида тахминан 250 м3 тупроқ ўпирилиб тушди.

Бу ҳақда хабар қилган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, пудратчи қурилиш ташкилотларининг куч ва воситалари ёрдамида юзага келган ҳолат бартараф этилмоқда, талафот ва жабрланганлар юзасидан аниқлик киритилмоқда.

Ҳозирда содир бўлган ҳолатнинг сабаблари ўрганилаётгани хабар қилинди.

Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналиши қурилишида ер ўпирилиши оқибатида жароҳатланганлар йўқ. Воқеа гувоҳи бўлган 1975 йил туғилган қашқадарёлик Б.М. ушбу ҳолатдан қаттиқ стрессга тушган. Айни пайтда унга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида сифатли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Айни вақтда ҳудудда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевга таяниб, ЎзА ахборот агентлиги хабар қилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Юнусобод туманида, “Мегапланет” олдида туннел қазилаётган бўлган. Хабарларда айтилишича, сув туннелга тушмаслиги учун бетон лоток қилинган. Ана шу лотокнинг қайсидир қисмидан сув кетган ва сув тўпланган. Ёғингарчилик кучайган вақтда ер бўшаб туннелни босиб қолган.

XS
SM
MD
LG