Ссылки доступа

Молия вазири: халқаро институтлар Роғун ГЭСини молиялашдан манфаатдор

Файзиддин Каххорзода
Файзиддин Каххорзода

Халқаро молия институтлари Роғун ГЭСини қуриб битказишда молиявий иштирок этиш борасида Тожикистонга таклиф юборишди. Бу ҳақда ТР молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода баёнот берди.

ТР молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзоданинг 25 декабрь куни Радио Озодига айтишича, Роғун ГЭСининг қурилиши айрим мамлакат ва ташкилотларда қизиқиш уйғотди ва улар лойиҳада молиявий иштирок этишлари борасида таклиф беришди. «Бугун Роғун ГЭСини ҳамма билади, кўплаб молиявий институтларнинг ўзлари обьектни молиялаш борасида таклиф билан чиқишмоқда. Биз Ислом тараққиёт банкининг айрим тузилмалари, шунингдек Европа мамлакатларининг молиявий институтлари билан ишлаяпмиз», - деди вазир.

Молия вазирининг таъкидлашича, мамлакат лойиҳани молиялаштиришда чеклов белгиламаган. Унинг айтишича, Тожикистон манфаатдор молиявий тузилмалар таклиф қиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкаларини ўрганади ва энг яхши таклифни қабул қилади. «Объект оламшумул, шу сабабли биз ташқи қарзлар билан боғлиқ вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қиламиз», - дея таъкидлади суҳбатдош.

Бундан аввал хукумат баёнот бериб, халқаро молия ташкилотлари Роғунга деярли эътибор қаратмаётганини билдирган эди. ТР Миллий банки раисининг биринчи ўринбосари Жамолиддин Нуралиев шу йилнинг июль ойида «халқаро молия институтлари қоидага кўра лойиҳада нолдан бошлаб иштирок этади», деган эди. Унинг сўзларига қараганда, Роғун ГЭСининг қурилиши бир неча ўн йилдан бери давом этмоқда ва халқаро молияташкилотлари камдан кам ҳолда лойиҳанинг ўртасидан қўшилади.

Бироқ, Роғун ГЭСи қурилишини молиялаш борасида халқаро молия институтлари томонидан қўйилаётган талаблар ҳозирча номаълум.

Бугунги кунда Тожикистонда Роғун ГЭСининг қурилиши давлат маблағлари ҳисобидан давом эттирилмоқда. Молия вазирлигининг маълум қилишича, 2019 йилда Тожикистон бу мақсадлар йўлида бюджетдан 2 млрд 100 млн сомони (222 млн долларга яқин) ажратган.

Молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода 25 декабрь куни парламентда қилган чиқишида, бу йил қўшимча равишда Роғун қурилиши учун евробондлар сотилиши ҳисобидан 1,2 млрд сомони ва қимматбахо металлар сотилишидан 613,5 миллион сомони йўналтирилишини маълум қилди.

2017 йил сентябрда Тожикистон АҚШдаги жаҳон бозорида давлатга тегишли $500 млн.га тенг қимматбахо қоғозларнинг биринчи партиясини муваффақиятли сотган эди, облигациялар бўйича даромад йиллик 7,125% ни ташкил қилди.

Айни дамда Роғун ГЭСининг иккита агрегати электроэнергия ишлаб чиқармоқда ва мамлакат ягона энерготизимига уланган. Роғун ГЭСида жами олтита агрегат бўлиб, тасдиқланган лойиҳага кўра уларнинг иккитаси вақтинча ўрнатилган ва 2021 йилга қадар электроэнергия ишлаб чиқаради ва шундан кейин алмаштирилади.

Роғун ГЭСи қурилиш лойиҳаси совет даврида ишлаб чиқилган ва қурилиш бошланган, бироқ кейинчалик фуқоролар уруши хамда дарёнинг қуйи оқимидаги мамлакатлар томонидан бўлган танқидлар туфайли Тожикистон хукумати ГЭС қурилишини 2016 йилга келибгина қайта тиклади.

XS
SM
MD
LG