Ссылки доступа

Тожикистонда “Мусулмон-Биродарлар” ҳаракатининг эҳтимолий 27 нафар аъзоси ушланди


Тожикистонда фаолияти тақиқланган «Ихван-ул-муслимин» («Мусулмон-Биродарлар») ҳаракатининг эҳтимолий аъзоси сифатида кўрилаётган 27 киши ушланди. Радио Озодининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларининг хабар қилишича, мамлакатнинг бир нечта минтақасида ҳаракат қилувчи тармоқ фош қилинди.

Ҳибсга олишлар янги йилнинг биринчи кунлари амалга оширилди.

“Мусулмон-Биродарлар” ҳаракати аъзоларини ушлаш амалиётлари Душанбе шаҳри, Сўғд ва Хатлон вилоятларида амалга оширилгани айтилмоқда. “Ҳибсга олинганлар орасида олий таълим даргоҳи ўқитувчилари ва қишлоқ кенгашларидан бирининг раиси ҳам бор”, дея таъкидлашди манбалар.

Ҳибсга олинганларнинг уйларида, уларнинг яқинларининг сўзларига қараганда, тинтувлар ўтказилди. «Қариндошимизни 2 январь куни ушлашди, шундан бери уни кўрганимиз йўқ. Бизга маълум бўлишича, ухотининг акаси бўлмиш руҳонийнинг аризаси бўйича ушланган. Тинтув вақтида милиция ходимлари бир нечта диний китобларни мусодора қилишди. Улар бутунбошли уйни ва ҳатто молхонани ҳам тинтиб чиқдилар», - дейди ўз исмини ошкор қилишни истамаган «Ихван-ул-муслимин» ҳаракатининг аъзолигида гумон қилинаётганларнинг қариндошларидан бири. Унинг таъкидлашича, қўлга олинган қариндоши – Тожик Миллий университетининг журналистика факультетини битирган ва мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган.

Тожикистон Бош прокуратураси қўлга олинганларга нисбатан ҳозирча айблов қўймади.

Дастлабки тергов бошланди, бунинг натижасида қўлга олинганларнинг “Мусулмон-Биродарлар” ҳаракатига аъзолиги ўрганилади. Манбаларннинг таъкидлашларича, қўлга олинганлар сони тез орада кўпайиши мумкин.

“Мусулмон-Биродарлар” гуруҳининг фаолияти 2006 йили Тожикистонда тақиқланган, бироқ шу кунга қадар бу ташкилотга аъзолик айби бўйича ҳибсга олишлар ҳақида камдан кам ҳолатлардагина хабар тарқатилар эди.

2016 йилнинг май ойида Тожикистон шимолидаги Конибодом туманида беш нафар имом “Мусулмон-Биродарлар” гуруҳи аъзолигида ва ўсмирларни Суриядаги ҳарбий ҳаракатларга ёллашда гумон қилиниб ҳибсга олинган эди. Уларнинг ҳаммасига 5 йил қамоқ жазоси берилди.

«Мусулмон -Биродарлар» — 1928 йилда Мисрда ташкил этилган халқаро диний-сиёсий ташкилот. Кўплаб мамлакатларда террор ташкилоти дея эълон қилинган ва тақиқланган.

XS
SM
MD
LG