Ссылки доступа

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳатнадан аввал болалар ОИВ бўйича текширилиши кераклигини маълум қилди

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги болалар мусулмонларнинг одатига кўра ҳатна қилинишдан аввал ОИВ-инфекцияси бўйича текширувдан ўтиши кераклигини маълум қилди.

«Ҳатнадан аввал мажбурий экспресс-тест болаларда ОИВ-инфекция мавжудлигини аниқлайди. Теширув бепул амалга оширилади», дея Радио Озодига баёнот берди Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларидан бири.

Бохтарда истиқомат қилувчи Гулбаҳор ОИВ-инфекцияси борасидаги мажбурий тестни маҳаллий соғлиқни сақлаш марказида билди – шифокорлар унинг икки ўғлини ОИВ текширувисиз хатна қилишни исташмади. «Мен хавотирландим, бахтимга болаларимда бу инфекция аниқланмади. Биз икки ўғлимнинг текширувдан ўтиши учун 52 сомони ($5,5) тўладик. Яна 150 сомони ($15,5) ҳатна учун тўланди, аслида ҳаммаси бепуллиги борасида айтишган эди», - дейди она.

Бироқ Бохтар шаҳар соғлиқни сақлаш марказидагиларнинг таъкидлашларича, хатнадан аввалги барча текширувлар, шунингдек ҳатнанинг ўзи бепул.

ОИТСга қарши кураш ва профилактика Республика маркази директорининг ўринбосари Дилшод Сайбурхоновнинг айтишича, ОИВ борасидаги текширувлар нафақат ҳатнадан аввал, балки ҳар қандай жарроҳлик амалиётидан аввал ўтказилиши керак.

Ўтган йилнинг февралида Тожикистонда болаларни ҳатна қилиш борасида кенг қамровли кампания бошланди. Пойтахтдаги поликлиникаларда ҳатна учун махсус хоналар жорий қилинди. Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 2019 йилда 81 мингдан ортиқ бола ҳатна қилинди.

Авваллари болаларни суннат қилиш амалиёти уй шароитларида "усто" – усталар томонидан амалга ошириларди. 2017 йилда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб болаларни инфекцион касалликлар, жумладан ОИВдан ҳимоя қилиш мақсадида ҳатна амалиётларни фақат тиббиёт муассасаларида малакали шифокорлар томонидан ўтказилиши лозимлигини айтди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг маълумотига кўра, сўнги йилларда мамлакатда болаларнинг ОИВ-инфекциясига чалиниши билан боғлиқ 130та ҳолат қайд қилинган. Шулардан - 82 нафари ўғил бола ва 48 нафари қиз боладир. Айни дамда Тожикистонда 800 га яқин бола ОИВга чалинган.

Расмий маълумотларга кўра, республикада ОИВга чалинганларнинг умумий сони 10,7 минг кишини ташкил қилади, шундан 7 мингги эркаклардир.

XS
SM
MD
LG