Ссылки доступа

Россияда Конституцияга тузатишлар бўйича овоз бериш бошланди


Бугун Россияда Конституцияга тузатишлар киритиш бўйича овоз бериш бошланди, улар орасида энг муҳими, Владимир Путиннинг президентлик муддатларини ноллаштириш таклиф этилган. Бу унга яна номзодини президентликка қўйиш ва 2036 йилгача ҳокимиятда қолишга изн беради.

Деярли бир ҳафта – 1 июлгача овоз бериш мумкин бўлади. Бунинг учун Россияда 9,5 минг сайлов участкалари, шунингдек, дунёнинг 144 та мамлакатида 254та сайлов участкаси очилди.

Коронавирус эпидемияси туфайли айрим минтақаларда янги тарихда илк марта овоз бериш участкалари очиқ ҳавода, чодир ва палаткаларда ташкил этилди. Шунингдек, барча истовчилар уйдан туриб овоз бериши мумкин (бунинг учун 21 июнгача ариза берган бўлиш керак).

25 дан 30 июнгача оралиқда Москва ва Нижегород вилоятларида ҳам тузатишлар бўйича электрон овоз бериш ўтказилади. Москвада бунинг учун бир миллиондан зиёд киши – ҳар бир еттинчи сайловчи рўйхатдан ўтган. Чекка жойларда бўлган Россиянинг 67 мингдан кўпроқ фуқароси овоз бериб бўлган. Бу ҳақда 23 июнь куни Марказий сайлов комиссияси раҳбари Элла Памфилова эълон қилди.

Сўнгги ой мобайнида ОАВ фуқароларнинг бошлиқлар ва иш берувчилар томонидан Конституцияга тузатишлар бўйича овоз беришга, шунингдек, бошқаларни сайлов участкаларига келиш учун ташвиқот олиб борриша мажбурланаётгани ҳақидаги ватандошларнинг оммавий шикоятлари ҳақида хабар беришди. Жумладан, Москва мактаблари ўқитувчилари, Кировлик шифокорлар, ПИК қурилиш компаниялари гуруҳларининг ходимлари, Твер давлат университети ва Новосибирск тиббиёт давлат университети талабалари, Москва жиноий жазони ижро этиш бир неча муассасалари маҳбуслари ва бошқалар бу борада арз дод қилишган. Памфилова аксарият шикоятларни “фейк” деб атади.

Овоз бериш натижаларининг ҳисоб-китоби 1 июлда сайлов участкалари ёпилганидан кейин бошланади.

Россия Конституциясига ўзгартириш киритиш таклифи январда Владимир Путин томонидан илгари сурилган. Ўшанда у тузатишлар умумхалқ овоз бериш йўли билан маъқулланиши кераклигини айтган эди, гарчи қонун буни талаб қилмасада. Дастлаб овоз бериш 22 апрелга белгиланди, аммо коронавирус пандемияси сабабли 25 июнь - муддатидан илгари овоз бериш эҳтимоли билан 1 июлга кўчирилди.

Асосий Қонун ўзгаришларининг энг кўп муҳокамага сабаб бўлаётгани – Россия Конституциясининг халқаро ҳуқуқ устидан устуворлиги ва президентлик муддатининг “ноллаштирилиши” дир.

Тузатишлар кучга кириши учун уни умумхалқ овоз беришида иштирок этганларнинг ярмидан кўпи маъқуллаши зарур. Қанча сайловчи қатнашиши аҳамиятсиз – референдумдан фарқ қилади, маълумки, у участкаларга сайловчиларнинг ярмидан кўпроғи келишини талаб этади. Шунга қарамай, қатор ОАВ нинг хабар беришича, Кремлда мамлакатдаги умумий сайловчиларнинг 50 фоиздан кам бўлмаган иштирокини таъминлаш режасини қўйишган.

Россия мухолифатининг қатор вакиллари овоз беришни бойкот қилишга чақирмоқдалар, уларнинг иддао қилишича, ҳокимиятда уни қалбакилаштириш учун барча воситалар бор. Бошқалар эса участкаларга келишга ва қарши овоз беришга чақирмоқдалар.

XS
SM
MD
LG