Президент Раҳмон ўзининг Халқаро валюта фондига мурожаатида ёзишича, Россиядан пул ўтказмалари 50 фоизга қисқарган. У март ойида ўтган йилнинг айни даври билан солиштирганда ўтказмалар 80 миллион долларга кам бўлганига ишора қилганди. Тожикистондаги ҳар тўрт оиланинг даромади меҳнат муҳожирларига боғлиқ.
Жаҳон банки маълумотига кўра, бу йил Тожикистон иқтисодиётини турғунлик кутади. Мазкур нуфузли молиявий ташкилотнинг башоратига мувофиқ, Тожикистонда турғунлик даражаси 2 фоизни ташкил этади.
Расмий статистикага мувофиқ, жорий йилнинг майида импорт ва экспорт кескин қисқарди. Тожик статистика агентлигининг маълумотига кўра, Тожикистондан экспорт атиги 40 миллион долларни ташкил этган, бу эса ўтган йилнинг айни даври билан таққослаганда 56 фоиз камайганини англатади. Тожикистонга импорт атиги 195 миллион долларни ташкил этган бўлиб, бу ўтган йилга қараганда 32 фоизга камдир.
Экспертлар Тожикистон иқтисодиётига етказилган зарар миқдорини 600 миллион долларга баҳоламоқда. Тожик эксперти Бахром Шариповнинг айтишича, «Тожикистон ва қўшни мамлакатларга етказилган зарар пандемия қанча вақт давом этишига боғлиқ бўлади. Президент ўзининг Жаҳон банкига мурожаатида коронавирус пандемиясидан кўрилган потиенциал зарарни 650 миллион долларга баҳолади».