Ссылки доступа

БМТ Марказий Осий ҳукуматларига пандемия вақтида турар-жойларни бузиш ва аҳоли кўчирилишини тўхтатишга чақирди


Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларига мурожаат қилиб коронавирус пандемияси вақтида “давлат эҳтиёжлари учун” ер участкаларини олиб қўйиш, уйларни бузиш ва кўчиришга мораторий эълон қилишга чақирди.

Коронавирус вақтида одамларни чиқариб юборишдан қочиш борасидаги чақириқ БМТнинг инсон ҳуқуқлари Идорасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Ришард Коменда томонидан 20 август куни бўлиб ўтган онлайн-форумда айтилди, анжуманда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ноҳукумат ташкилотлари ва парламентлари вакиллари иштирок этди.

«Мен Марказий Осий мамлакатлари ҳукуматларини ер участкаларини олиб қўйиш, уйларни бузиш ва фуқароларни кўчиришга мораторий эълон қилишга чақираман. Мораторий бир йил ёки йилнинг бошқа даврига жорий қилиниши керак. Ҳозир, пандемия даврида, бу масала бутун жамиятда ўз аксини топиши мумкин. Хавфсиз жой ва ўз бошпанасига эга бўлмаган одамлар хақиқатан ҳам вирусни тарқатишлари мумкин, у ҳолда ҳамма жабр кўради», — дея баёнот берди Коменда давлат эҳтиёжлари учун ерларни олиб қўйишда инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши муаммоларига бағишланган учрашувда.

“Қозоғистонда парламентаризм тараққиёти жамғармаси” («Фонд развития парламентаризма в Казахстане») ноҳукумат ташкилоти вакили Алишер Кожагулов форум вақтида баёнот берар экан, Марказий Осиё мамлакатларида “давлат эҳтиёжлари учун” кўчмас мулкни олиб қўйиш процедураси халқаро стандартларга мос келмаслигини айтди. Юристнинг таъкидлашича, кўчмас мулк эгалари кўпинча бошпаналаридан мажбуран кўчирилади, улар қониқарли бўлмаган товон пулини олишга мажбур бўладилар. Унинг айтишича, кўчирилганлар тақдири билан ҳеч ким қизиқмайди. Бундан ташқари, Кожагуловнинг таъкидлашича, минтақа мамлакатларида шаҳарсозлик сиёсати жамоатчилик фикри инобатга олинмаган ҳолда олиб борилади.

Муносиб яшаш даражаси ҳуқуқи асосида муносиб турар-жой масалалари бўйича БМТнинг махсус маърузачиси Милун Котарининг айтишича чиқариб юбориш ижтимоий норозиликларга, сегрегация(ажратиш) ва тенгсизликка олиб келади.

Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида ижтимоий аҳамиятга эга (мактаб, шифохона) учун эмас, балки кўп қаватли турар-жой бинолари каби турли объектларни қуриш учун ер учаткаларининг олиб қўйилиши кўпинча баҳсларга сабаб бўлади. Қурувчилар ёки маҳалий расмийлар таклиф қиладиган маблағ ҳамиша ҳам кўчмас мулк эгаларини қониқтирмайди, улар бу масалани ҳал қилиш учун судларга мурожаат қиладилар. Айрим ҳолларда ҳайдаб чиқарилаётганлар уйларини ҳимоя қилиш мақсадида энг сўнгги чорани қўллайдилар: ўз жонига қасд қиладилар, йўлга оғир техникаларни олиб чиқадилар.

XS
SM
MD
LG