Ссылки доступа

"Сардоба иши": Судланувчиларнинг яқинлари асосий айбдорлар дахлсиз қолаётганидан норози


5 январь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида "Сардоба иши" бўйича 17 киши устидан ёпиқ маҳкама жараёнининг навбатдаги - учинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Маҳкамада иштирок этаётган адвокатлардан бирига кўра, мажлисда сув омбор қурилиши пайтида "Тўпaланг" каналлар бошқармаси бошлиғи бўлган Бахшулло Асадов ҳамда пудратчи ширкат раҳбари бўлган Каримжон Рўзиевлар кўрсатмаси тингланган.

28 декабрь куни ўтган иккинчи мажлисда айблов хулосаси ўқиб эшиттирилган ва судланувчиларга Жиноят Кодексининг 6 моддаси бўйича айблов эълон қилинган эди.

Айблов хулосасида ўтган йил 1 май куни Сардоба сув омборида юз берган фожиа доирасида жами 45 миллиард сўмлик (тақрибан 4 миллион 280 минг АҚШ доллари-таҳр.) зарар аниқлангани ва бунинг бир қисми ундирилгани айтилган.

Ўзбекистон Олий суди Сардоба фожиаси юзасидан "жиноят иши бевосита давлат сирлари билан боғлиқлиги" боис ёпиқ ўтишини билдирган ва шу сабабдан, маҳкамага оид маълумотлар қатъиян сир тутилмоқда.

Аммо судланувчилар яқинлари ва терговга тортилганларнинг, моддий зарар фақат қуйи бўғиндагилар - асосан субпудратчилардан ундирилаётгани, "Сардоба" сув омбори қурилиши учун масъул экани айтилган раҳбар Абдуғани Сангинов ва яқинлари ҳануз дахлсиз қолаётганидан норози экани айтилмоқда.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖга тегишли пудратчи ташкилотлардан бирида ишлаган ва терговга тортилган биргина етакчи мутахассис ҳозиргача 1 миллиард 100 миллион сўмлик зарарни қоплаганини билдирди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 5 январь куни "Сардоба иши" бўйича айбланаётган 17 киши устидан маҳкамани давом эттирди.

Адвокатлардан бирига кўра, эрталаб соат 9 дан соат 15:20 га қадар давом этган маҳкамада икки судланувчи - "Тўпaланг" каналлар бошқармаси бошлиғи бўлган Бахшулло Асадов ҳамда сув омбори қурилишида қатнашган пудратчи ташкилот раҳбари бўлган Каримжон Рўзиевлар кўрсатмаси тингланган.

Шунингдек, ушбу мажлисда судья мазкур жиноят иши тергови доирасида 171 киши сўроқ қилинганини айтиб ўтган.

Тошкентлик адвокатга кўра, 17 судланувчи орасида "Ўзбекгидроэнерго" ташкилотидан 4 киши, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖдан 3 киши ва сув омбори қурилишига алоқадор масъуллар бор.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, кўрсатмаси тингланган судланувчи - Каримжон Рўзиев Сардоба сув омбори қурилишида қатнашган пудратчи ташкилот - “To’palang HPD Water Construction” ширкатининг қоғоздаги расмий раҳбари бўлган.

Сардоба сув омборининг қурилиш жараëнидан хабардор мулозимга кўра, мутахассислиги бўйича омбор қурилишига алоқаси бўлмаган Каримжон Рўзиев Сангиновнинг ҳамқишлоғи ва қурилиш жойидаги асосий вакили бўлган.

21 декабрь куни суд Сардоба сув омборида юз берган тошқин билан боғлиқ жиноят иши доирасида қамоққа олинган 17 шахс ишини кўриб чиқишни бошлаганди.

28 декабрь куни 2020 йилнинг 1 майида юз берган ҳалокат бўйича ёпиқ маҳкаманинг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди ва унда расмий айблов ўқиб эшиттирилди.

Суд жараёнини кузатаётган адвокатлардан бирига кўра, маҳкамада "Ўзбекгидроэнерго" ташкилотига қарашли "Тўпaланг" каналлар бошқармаси бошлиғи Бахшулло Асадов, “Ўзбекистон темир йўллари”га қарашди “Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси” бошлиғи лавозимида ишлаган М. Холматов ва яна қатор пудратчи ташкилотларда ишлаган 15 мансабдор шахсга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг қуйидаги моддалари билан айблов эълон қилинган: мансаб сохтакорлиги, мансабга совуққонлик билан қараш, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш.

"Бу жиноят ишининг суд пудратчиларга дахлдор ажратиб олинган бир қисми, бош пудратчиларга алоқадор қисми бўйича тергов ҳали давом этяпти. Ҳали яна 100 дан ортиқ одам терговга қатнаяпти", - деди исми сир қолиши шарти билан маълумот берган адвокат.

Гап коррупция ҳақида бораётгани учун ҳам бу маҳкама жамоатчилик учун очиқ бўлиши керак

Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлиги Хизмати Тергов бошқармаси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатларининг дастлабки хулосасига асосланган.

25 декабрь кунги баёнотида Олий суд, Сардоба фожиаси юзасидан жиноят иши "бевосита давлат сирлари билан боғлиқ бўлгани сабабли" Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси 1-қисмига мувофиқ ёпиқ ўтишини билдирган эди.

Маҳкамада қатнашаётган адвокатнинг билдиришича, маҳкамага айбланувчилар яқинлари қўйилмаётир, 20 дан ортиқ адвокатдан суд тафсилотларини сир сақлаш ҳақида тилхат олинган.

Судланувчилардан бирининг яқини, асосан, "Сардоба" сув омбори қурилишида қатнашган субпудратчи ширкатлар раҳбарлари ва ходимлари тергов ҳамда маҳкамага тортилганидан норозилик билдирди.

Унинг иддао қилишича, сув омбори қурилишига масъул буюртмачи ва бош пудратчи ширкатлар раҳбарлари ҳануз дахлсиз қолмоқда.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖга тегишли пудратчи ташкилотлардан бирида ишлаган ва терговга тортилган биргина етакчи мутахассис ҳозиргача 1 миллиард 100 миллион сўмлик зарарни қоплаганини билдирди.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати фожиадан икки кун ўтиб эълон қилган расмий баёнотида, "Сардоба“ сув омбори қурилишида масъул этиб белгиланмагани ва иштирок этмаган"ини иддао қилган эди.

2020 йилнинг 3 май куни эълон қилинган баёнотда 2010 — 2017 йиллар мобайнида барпо этилган “Сардоба“ сув омбори қурилишида "буюртмачи сифатида Сув хўжалиги вазирлиги (собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги), “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонаси бош пудратчи сифатида иштирок этган.

Аммо Озодлик суриштируви Сардоба сув омборининг буюртмачиси ҳам, қурувчиси ҳам Сангинов ва у раҳбарлик қилган ""Ўзбекгидроэнерго" АЖ эканини ўртага чиқарганди.

Маҳкамада қатнашаётган тошкентлик адвокатга кўра, аслида суд очиқ ўтказилиши зарур.

Терговга жалб этилганларнинг 7 нафарига қамоққа олиш, 6 нафарига гаров, 4 нафарига муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланган.

1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.

XS
SM
MD
LG