Ссылки доступа

Суриштирув: Мирзиëев пандемияга "ачинмай" сарфлаган $8 миллиард кимларга тегди?


Қарз пулларнинг каттагина қисми президент ва Бош вазир қарорлари билан легаллаштирилган схемалар орқали Мирзиëевга жуда яқин олигарх ва амалдорлар бошқарувидаги монополист ширкатлар ҳисобига ўтди. Очиқ расмий манбалардан тўпланган ҳужжатлар тахлами шуни кўрсатади.

-Агар пандемия бўлмаганида эди, имкониятларимиз янада кўпроқ бўларди. Коронавирусга қарши курашга 80 трлн сўм маблағимиз кетди. Лекин бу пулга ачинмайман, халқимизни имкон қадар асраб қолдик.

Бу гапларни Шавкат Мирзиëев 2 июнь куни Сурхондарëда ўтказган мажлисда айтди.

80 триллион сўм Ўзбекистоннинг 2020 йилги давлат бюджетидаги жами харажатнинг 40 фоизи, мамлакат ялпи ички маҳсулотининг эса¸12 фоизидан ошиғи демакдир.

Пандемияга қарши кураш учун сарфлангани айтилаётган бу пуллар Мирзиëев ўтган йили ўзи ажратган бирламчи маблағдан 8 баробар кўпдир.

Мирзиëевнинг 2020 йил 19 март кунги фармони билан Инқирозга қарши курашиш жамғармаси тузилган эди. Унга хориждан олинадиган 1 миллиард доллар қарз ҳисобидан 10 триллион сўм берилди.

2 июнь кунги чиқишида Мирзиëев пандемияга қарши кураш учун нега аввал белгиланганидан 8 баравар кўп маблағ сарфланганини айтмади. 80 триллион сўм ëхуд 8 миллиард АҚШ долларининг қаердан келиб, қаерга кетгани ҳақида ҳам оғиз очмади.

Бу қарз пулларнинг каттагина қисми президент ва Бош вазир қарорлари билан легаллаштирилган схемалар орқали Мирзиëевга жуда яқин олигарх ва амалдорлар бошқарувидаги монополист ширкатлар ҳисобига ўтди. Очиқ расмий манбалардан тўпланган ҳужжатлар тахлами шуни кўрсатади.

Озодликнинг навбатдаги суриштируви пандемияга қарши кураш доирасидаги икки мегалойиҳанинг махфий Шоввозсой қасри қурувчилари - Очилбой Раматов¸ Бахтиëр Фозилов¸ Жаҳонгир Ортиқхўжаев назоратидаги компанияларига қандай тақдим этилгани ҳақида.

Пандемия билан боғлиқ фармон ва қарорлар занжири Шавкат Мирзиëевнинг 5969-сонли фармонидан бошланди.

19 март кунги бу фармон «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида» деб номланди.

Фармон билан «коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш¸ аҳолини самарали ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолиси даромадлари кескин пасайиб кетишининг олдини олиш мақсадида” Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси тузилди.

Жамғармага 10 триллион сўм ¸ ëки 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Ғазнасида бунча пули йўқ ҳукумат янги жамғармага яна хориж молия тизимларидан катта қарз олди.

Бу фармондан олти кун ўтиб¸ 25 мартда Бош вазир Абдулла Арипов 2020 йилнинг Вазирлар Маҳкамасининг 181-сонли қарорини чиқарди. “Хизмат доирасида фойдаланиш учун” деб таснифланган бу қарор ҳозирга қадар жамоатчиликка очиқланмаган.

Қарор Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида 20 минг ўринли карантин маркази¸ Зангиота туманида эса 10 минг ўринли махсус шифохона қуриш ҳақида. Маблағ манбаи давлат бюджети¸ янаям аниқроғи Инқирозга қарши курашиш жамғармаси.

Қарор билан давлат буюртмачи бўлган бу қурилишлар на тендер ва на танлов ўтказилмасдан уч МЧЖга берилди.

Бу эса¸ Мирзиëевнинг 2018 йил 9 апрель кунги қарори билан кучга кирган “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг фундаментал бандларини очиқдан-очиқ бузишдир.

Қонуннинг 4-моддасида белгиланган асосий принциплар¸ давлат хариди билан боғлиқ ҳар қандай жараëнда хусусан¸ “молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги; очиқлик ва шаффофлик; тортишув ва холислик; мутаносиблик; давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва яхлитлигини таъминлаш ва коррупцияга йўл қўймасликни” талаб қилади.

Аммо Мирзиëев имзолаган бу қонун билан бир пайтда айнан унинг ўзи ва Бош вазири махфий ва ярим махфий фармон ва қарорлар билан амалдаги қоунунга зид бўлган “истиснолар” пирамидасини яратди.

Биринчи “истисно” бўйича¸ Юқори Чирчиқ ва Зангиотадаги қурилишларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқариш тугатилмай туриб бошланишига рухсат берилди. Мазкур истиснога "қурилишни жадаллаштириш" деган иддао асос бўлди.

Бу эса¸ бош пудратчиларнинг қурилиш нархини у бошланиб¸ келишув имзоланганидан кейин истаган пайтида истаганича оширишига имкон берди.

Арипов қарори легаллаштирган иккинчи “истисно”га кўра¸ пудратчи ва субпудратчиларга қурилишга ишлатиладиган материал ва жиҳозларни тендер савдоси ва танлов ўтказмасдан ўзи истаган ташкилотдан – давлат пулига – сотиб олишига рухсат берилди.

Учинчи “истисно” бўйича¸ бундай арзанда пудратчи ва субпудратчилар ҳар қандай солиқлар¸ четдан олиб келинадиган қурилиш материаллари ва бошқа зарурий жиҳозлар учун бож йиғими тўлашдан озод қилинди.

Кейинги йиллардаги аксар улкан давлат лойиҳаларида кўрилаëтгани каби давлатнинг улкан хариди тақдири “истиснолар занжири” асосида яширин музокара ва махфий савдолашув орқали ҳал қилинди.

Президент фармонидан бошланиб Арипов қарори билан давом этган махфий савдолашувнинг мутлақ ғолиби¸ ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича¸Тошкент шаҳар ҳокимлиги¸ аниқроғи олигарх ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевдир.

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари¸ Ўзбекистон маъмурий бўлинишига кўра¸ икки хил маъмурий тузилма¸ икки мустақил ҳудуд ва алоҳида икки ҳокимлик.

Аммо Арипов ҳеч бир изоҳсиз иккаласи ҳам Тошкент вилояти ҳудудида қуриладиган карантин зонаси ва махсус шифохонага бош буюртмачи қилиб¸ Тошкент вилояти эмас¸ балки Тошкент шаҳар ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” УК ни танлади. (Айни шундай хизмат Тошкент вилоят ҳокимлигида ҳам бор.)

10 триллионлик COVID контрактлари пойгасидаги катта соврин Мирзиëев даври қурилишларининг, таъбир жоиз бўлса, икки асосий меъмори - Очилбой Раматов ва Бахтиëр Фозиловга тегди.

Арипов қарори билан Зангиотадаги 10 минг ўринга мўлжалланган ихтисослашган шифохона қурилиши Раматов ва Фозилов ўртасида 50 ка 50 нисбатида тенг тақсимланди.

Объектнинг ярми амалда Раматов бошқарувида қолаётган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ¸ қолган ярми эса¸ Мирзиëев президент бўлгандан бери Ўзбекистондаги 10 миллиард доллардан қимматроқ давлат лойиҳаларини қўлга киритган Бахтиëр Фозиловнинг Enter Engineering компаниясига берилди.

Бу икки ширкатга Тошкент вилоятининг энг бозорбоп туманидан 130 гектарлик ер нафақат текинга¸ балки мисли кўрилмаган имтиëзлар билан тутқазилди.

Раматов ва Фозилов Шавкат Мирзиëев учун махсус ва махфий қурилган, Озодлик манбаларининг энг камтар ҳисобича бир неча юз миллион долларлик Шоввозсой саройлар мажмуаси бош қурувчилари экани ëдингиздадир.

Очиқ манбаларда бош вазир Арипов бош пудратчи қилиб белгилаган Фозилов¸ Раматов ва Ортиқхўжаев компанияларининг қурилиш давомида кимларни субпудратчи қилиб танлагани¸ улар билан қайси хизмат ëки материал учун қайси шартларда келишув имзолаганини кўрсатувчи бирор ҳужжат йўқ.

Қарорда фақат уларнинг ҳам танлов ва тендерсиз танланиши ва ҳар қандай солиқ ва бож тўловларидан озод этилгани кафолатланган. Бирор манбада COVID пандемиясига қарши кураш тўлқинида омади чопган субпудратчилар рўйхати йўқ.

Тошкент вилоятидаги икки COVID мегаиншоотини қуришда қатнашган субпудратчилардан айримлари номи тасодиф билан очиққа чиқди.

Улардан бири Қозонда жойлашган Brigenergo компанияси.

2020 йилги йирик лойиҳалари рўйхатини эълон қилган Brigenergo ўз сайтида Зангиота туманида коронавирус беморлари учун 10 минг ўринли махсус касалхона қурганини билдирган.

Бундан эса¸ мазкур объект учун бош пудратчи этиб танланган “Ўзбекистон темир йўллари” ва Enter Engineering ширкатидан бири ëки ҳар иккаласи қурилишни Россиядаги Brigenergo компаниясига топширгани англашилади.

Бу учала компаниянинг Ўзбекистон жамоатчилигидан сир тутилаëтган биринчи ҳамкорлиги эмас.

Махфий қарор билан Оҳангарон тоғларида Мирзиëев учун юзлаб миллион долларлик Шоввозсой саройини ҳам айнан “Ўзбекистон темир йўллари” (буюртмачи)¸ Enter Engineering (пудратчи) ва Қозонда жойлашган¸ аммо аксар лойиҳалари негадир Ўзбекистонда амалга оширилаëтган Brigenergo (субпудратчи) қурган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев хусусий ширкатлари ўзига субпудратчи қилиб танлаган компанияларни қидириб узоққа бориш шарт эмас. Буюртмачи ҳам¸ бош лойиҳачи ҳам¸ бош пудратчи ҳам¸ ниҳоят субпудратчи ҳам Ортиқхўжаевга бевосита алоқадор компаниялардир.

Тунукадан тўрт кун ичида қоқиб чиқилган бу контейнерларни етказиб берган субпудратчи ҳам яна Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъсисчиси¸ амалда эса¸ ҳоким Ортиқхўжаевнинг хусусий ширкатлари ўринлашган “Технопарк” бўлади.

Шавкат Мирзиëев COVIDга қарши кураш учун мамлакат ғазнасидан сарфланган 8 миллиард долларнинг айнан қанчаси қарз эканини айтмади.

Марказий банк 2021 йил 27 март куни эълон қилган ҳисоботга кўра¸ ўтган бир йил давомида ташқи қарз ҳажми 2020 йил бошига нисбатан 37,4 фоиз ёки 9,2 миллиард долларга ошган ва 1 январ ҳолатига 33,8 миллиард долларга етган. Бу эса¸ ўзбекнинг бугун туғилган чақалоғидан то қариясига қадар жон бошига ўртача 1000 доллар қарз билан яшамоқда¸ деганидир. Кейинги олти ой ичида Мирзиëев ҳукумати ташқаридан яна қанча қарз олгани ҳозирча очиқланмади.

2020 йил давомида 9,2 миллиард доллар қарз олинганидан келиб чиқилса, COVIDга қарши курашга Мирзиëев “афсусланмай” сарфлаган 8 миллиард долларнинг қарийб ҳаммаси қарз эканини тахмин қилиш мумкин.

2020 йил 17 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши кураш муҳокама қилинган мажлисда¸ Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)дан 2,7 миллиард доллар қарз олингани айтилган эди.

Мирзиёев ҳукумати коронавирус даврида коррупция иддаоларига юз тутаётган ягона ҳукумат эмас. Дунёда коррупция даражасини кузатувчи Transparency International ташкилотига кўра, коронавирус жаҳон бўйлаб коррупциянинг гуллаб-яшнашига сабаб бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳам COVIDга қарши кураш учун ажратилган пулларнинг талон-торож қилингани ҳақида маълумот берди¸ хусусан айрим туман санитария-эпидемиология хизматларини давлатнинг миллионлаб маблағини ўзлаштирганликда айблади.

Аммо бу маблағлар Мирзиёев ҳукуматига яқин давлат ва хусусий секторда монополист мақомига эга компанияларга тендерсиз тортиқ қилинган трилллионлик контрактлар қиймати олдида денгиздан бир томчи, холос.

Коронавирус пандемиясига қарши кураш иддаоси билан сарфланган 80 триллионнинг коррупцион схемалар¸ манфаатларнинг очиқ тўқнашуви асосида Мирзиëев ҳокимиятининг энг тепасига алоқадор компаниялар қандай ўзлаштиргани ҳақида на Бош прокуратура¸ на Коррупцияга қарши кураш агентлигининг бирор суриштирув ўтказгани ҳақида маълумот ҳозирча йўқ.

XS
SM
MD
LG