Дунёнинг турли нуқталарида истиқомат қилаётган 9 нафар фаол томонидан имзоланган чақириқ Uzbekforum.org интернет нашрида эълон қилинди.
Мурожаат муаллифлари Ўзбекистон ва Швейцария ҳукуматлари ўртасида 2020 йилнинг 11 сентябрида тузилган Гулнора Каримова ўзлаштирган ноқонуний пулларни мамлакатга қайтариш борасидаги Англашув меморандуми тақдиридан хавотирда эканини баён қилишган.
Ўзбек фаолларининг таъкидича, Швейцария ҳукумати ҳам 2017 йилда активларни тиклаш бўйича ташкил этилган Глобал Форум (Global Forum for Asset Recovery)нинг фаол иштирокчиларидан биридир. Мазкур тузилмага иштирокчи давлатлар жиноий гуруҳ ва шахслар томонидан ўмарилган бойликларни ўз эгаларига қайтаришда 10 та тамойилга содиқ қолиши лозим.
Мазкур 10 тамойил ғорат қилинган бойликларни қайтаришда шаффофлик ва ҳисобдорликдан тортиб, бойликларни қайтариш жараёнида фуқаролик жамияти вакилларининг иштирокига қадар бўлган мажбуриятларни ўз ичига олади.
Фаоллар 2017 йилда активларни тиклаш бўйича ташкил этилган Глобал Форумнинг иштирокчилари зиммасидаги тўртинчи тамойилни ёдга олиб, маблағларнинг Ўзбекистондаги асл эгаларига етиб боришига шубҳа билдиради.
Қайтарилган мол-мулкни коррупциявий хатти-ҳаракатлар натижасида зарар кўрган одамлар манфаати учун ишлатиш мажбуриятини эслатиб, Швейцария ҳукуматидан бу борадаги жиловни бўшаштирмаслик сўралган.
Англашув Меморандуми ҳукуматлар ёки идоралараро келишувларни амалга оширишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, норматив акт сифатида бажарилиши мажбурий бўлган битимдир. Ана шу актларнинг бири 2020 йил 11 сентябрда Швейцария ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида имзоланган ва ҳужжат ижроси муайян муддатда ниҳоясига етиши лозим.
Мазкур чақириқни изоҳлай туриб, Ўзбек форуми етакчиси Умида Ниёзова меморандум имзоланганидан тўққиз ой ўтса ҳам Швейцария ва Ўзбекистон расмийларининг жамоатчиликка лом-мим демаётганига эътибор қаратди:
“Шу пайтга қадар тақсимлаш ва қайтариш тўғрисидаги битимларнинг таклиф қилинган мазмуни ҳақида жамоатчиликка батафсил маълумот берилмади. Фикримизча, бундай узоқ сукунат Швейцариянинг шаффофлик ва ҳисобдорлик борасидаги садоқатига зид келади. Швейцария Федерал Aдлия идораси ҳатто аллақачон имзоланган улуш тўғрисидаги битимни ошкор қилишдан бош тортмоқда. Бу ҳаракат эса, мамлакатнинг ахборот эркинлиги борасидаги Федерал қонунига зиддир. Ҳолбуки, бу борада илтимоснома ҳам юборганмиз”, дейди Умида Ниёзова.
Ислом Каримов даврида унинг эҳтимолий меросхўрларидан бири сифатида кўрилган Гулнора Каримова бундан қарийб беш йил аввал отасининг бошқаруви ниҳоясига етганидан сўнг ҳам Ўзбекистоннинг янги тарихидаги энг зиддиятли шахслардан бири бўлиб қолмоқда.
Шунингдек, чақириқда Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори фожиаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг ширкатларига тақдим этилган газ ҳисоблагичлари борасидаги коррупциявий битим сифатида тилга олинади. Бу борадаги “Озодлик” текширувлари чақириққа илова қилинган.
Фуқаролик жамияти вакилларининг Швейцария ҳукуматига мурожаати Гулнора Каримованинг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида 49 ёшини нишонлаган кунига тўғри келди.
Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Каримованинг отаси ҳукмронлиги давридаги қилмишларига эътибор қаратди. Айримлар эса унга шеърий изҳорлар битди.