Ссылки доступа

Байден: «Тожикистонда ҳам одамлар Кобулдаги каби Америка самолётига осилиб олган бўларди»


Агар АҚШ ўз тарафдорларини Тожикистондан олиб чиқишга қарор қилганида, бу мамлакатда ҳам Афғонистондаги каби одамларнинг самолёт шассиларига осилиб олиши ҳолатлари кузатилган бўларди. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден 11 сентябрь куни Пенсилвания штатига ташрифи чоғида айтиб ўтди, деб ёзади «Озоди».

Америка раҳбари ўзининг АҚШ контингентини Афғонистондан олиб чиқиш бўйича ҳаракатларини оқлади. Унга кўра, сўровномалар шуни кўрсатганки, америкаликларнинг 70 фоизи қўшинларни Афғонистондан олиб чиқиш тарафдори бўлган. Бироқ Байденнинг қўшимча қилишича, ҳарбийларни олиб чиқиш услуби кўпчиликка ёқмаган.

«Бундан ортиқ яна қандай қилиш мумкинлигини бировга тушунтириш қийин. Масалан, агар биз Тожикистонда бўлганимизда ҳам, C-130 (ҳарбий транспорт самолёти)ни қўндирган бўлардик ва ҳар қандай тарзда биз билан ишлаган кишиларнинг барчасига ушбу самолётга чиқишга рухсат беришимизни айтардик, шунда шассига ёпишиб оладиган одамлар ҳам учрар эди», — деди Байден.

АҚШ президенти журналистлар билан суҳбатлашар экан, Бин Ладен йўқ қилиниб, «Ал-Қоида» қулаганидан кейин ҳам АҚШ қўшинларини Афғонистонда сақлаш хато бўлганини айтди.

«Агар Бин Ладенни йўқ қилганимиздан сўнг, ЪАл-Қоидаъ қулаганидан кейин бу мамлакатни бирлаштиришга уриниб, 20 йил давомида кунига 300 миллион доллар сарфлашимизни билганимизда эди. ЪАл-Қоидаъ қайтиши мумкинми? Ҳа. Лекин биласизми, у аллақачон бошқа жойларга қайтган. Унда стратегиямиз қандай? Нима, энди ЪАл-Қоидаъ жойлашган ҳамма ерга бостириб кириб, қўшинларимизни ўша ерда қолдираверамизми? Қўйсангизчи», — деди Байден журналистларга.

Апрелда АҚШ президенти Жо Байден 11 сентябрь воқеаларига 20 йил тўладиган кунгача Афғонистондан қўшинлар олиб кетилишини эълон қилганди. «Мен тарихимиздаги энг узоқ давом этган урушни якунлаб, Америка қўшинларини уйга қайтариш вақти келди, деган хулосага келдим», — деди Байден.

У АҚШнинг мақсади мамлакатни бирлаштириш эмас, балки «Ал-Қоида»ни йўқ қилиш бўлганини тушунтирди. Шунингдек, президент афғон кампанияси АҚШга кунига 150-300 миллион долларга тушганини қайд этди.

Қўшинларни олиб чиқиш билан бирга, Афғонистондан АҚШ ва НАТО мамлакатлари фуқаролари, шунингдек, «Толибон»га қарши курашда Ғарбга ёрдам берган афғонистонликлар эвакуация қилинди. «Толибон» таъқибидан қўрққан минглаб афғонлар учиб кетишни истаган, 16 август куни эрталаб улар рейслардан бирортасига ўтириш учун учиш майдонига бостириб кирган ва ерда турган самолётларга осилиб чиқишга ҳаракат қилган. Ҳодиса оқибатида ўнга яқин киши ҳалок бўлган.

17 август куни эса АҚШ Ҳарбий ҳаво кучларига тегишли C-17 Глобемастер ИИИ ҳарбий транспорт самолётида Кобул аэропортидан 640 га яқин афғонистонлик эвакуация қилинди. Дастлаб шунча одамни бортга олиб чиқиш режалаштирилмаган эди, бироқ афғон гуруҳлари учиш майдонига бостириб кириб, самолётга ўзлари чиқиб олган. Шундан сўнг экипаж уларни куч билан тушириб юбормасликка, аксинча бортдаги ҳаммани олиб учишга қарор қилган.

Август охирида Америка армияси ўз контингентини Афғонистондан олиб чиқишни якунлади. АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий миссияси қарийб 19 йилу 11 ой давом этди.

XS
SM
MD
LG