Ссылки доступа

Прокурор блогернинг онаси Шоҳида Мамажоновани 7 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўрамоқда


Шохида Мамаджонова
Шохида Мамаджонова

7 апрель куни бўлиб ўтган биринчи суд мажлисида давлат айбловчиси Германияда яшовчи блогер ва ҳокимият танқидчиси Шерзод Мамажоновнинг (Abdurahmon09 номи билан машҳур) онаси Шоҳида Мамажоновани 7 йилга озодликдан маҳрум этишни сўради. Суд мажлиси Исмоили Сомоний пойтахти судида бўлиб ўтмоқда.

Озоди радиоси журналистига суд мажлисида иштирок этишга рухсат берилди.

Прокурор Мамажоновани мамлакатда тақиқланган «Гуруҳ 24» ва Ислом Уйғониш партияси ғояларини қўллаб-қувватлаганликда айблади. Давлат айбловчисига кўра, Шоҳида Мамажонова YouTubeда ўғлининг видеоси ва “Ислох+” каналидаги видеолар остида Тожикистон конституциявий тузумига қарши қаратилган изоҳларни жойлаштирган.

Прокурор, шунингдек, Мамажонова 2021 йилнинг май ойидан бери YouTubeда икки марта ҳукуматга қарши фикр-мулоҳазалар, жумладан, 16 ноябрь – Президент куни муносабати билан мамлакат олий раҳбариятини ҳақоратомуз сўзлар билан изоҳлаганини айтди.

Айбланувчи судда «ўзини айбдор деб билишини ва қилган ишидан пушаймонлигини» таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, 2021 йил июнь ойида ҳарбий қисмлардан бирида ишлаган акаси ишдан бўшатилган. Қариндошлари Мамажоновани акаси ўғлининг сўзлари туфайли ишдан бўшатилгани билан қоралади.

Шоҳида Мамажонова судда онасининг уйига келиб, акасининг аҳволини кўриб, ўзини айбдор ҳис қилганини айтди. У ўқув йили бошида ишсиз акаси болаларга мактаб формасини харид қила олмаслигини кўриб, YouTubeда ҳокимиятни ҳақоратловчи иккита изоҳ қолдирганини айтди.

Шоҳида Мамаджонованинг адвокати ҳимоячисининг чин дилдан пушаймонлигини назарда тутиб, суддан унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўради. Суд ҳукм чиқариш учун маслаҳат хонасига йўл олди.

Шоҳида Мамаджонованинг ўғли, ижтимоий тармоқларда «Abdurahmon09» номи билан танилган блогер Шерзод Мамаджонов ҳозирда Германияда истиқомат қилади ва расмийларнинг ҳижоб бўйича ҳаракатларини бир неча бор танқид қилган.

Шерзод Мамажонов 4 апрель куни Озоди радиосига берган интервьюсида онаси ҳибсга олинганидан икки ой ўтиб, қариндошларидан бирортасига ҳам уни кўришга рухсат берилмаганини айтди. Аввалроқ Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маҳбуснинг яқинлари билан учрашиши учун барча шароитлар яратилганини маълум қилганди.

Инсон ҳуқуқлари ва мухолифат ташкилотлари Тожикистон ҳукуматини мамлакатдаги мухолифат вакилларини таъқиб қилаётгани учун бир неча бор танқид қилган. Расмий Душанбе бу танқидни рад этади.




XS
SM
MD
LG