Ссылки доступа

Қирғизистон Туркманистон ва Қозоғистондан электр энергияси сотиб олади


2022 йилда Қирғизистонга 16,2 миллиард кВт/соат электр энергияси керак бўлади. Бу ҳақда Жогорку Кенеш йиғилишида Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Бахит Тўробоев маълум қилди.

Унга кўра, ГЭСлар 11 миллиард 500 миллион кВт/соат электр энергияси, 2 миллиард кВт/соат - Бишкек иссиқлик электр станцияси ишлаб чиқаради. Шу билан бирга, қолган 3 миллиард кВт/соат электр энергияси хориждан импорт қилинади.

“9 ойда 9,3 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди, бу ўтган йилга нисбатан 1,4 миллиардга кам, чунки биз сувни тежаймиз. Импорт бўйича Туркманистон билан 1 миллиард 800 миллион кВт/соат миқдорида электр энергиясини харид қилиш бўйича шартнома имзоладик. Шунингдек, Қозоғистон билан 241 миллион кВт/соат электр энергияси сотиб олиш бўйича шартнома имзоладик. Бундан ташқари, 2023 йилнинг биринчи чорагида 600 миллион кВт/соат импорт қилиш бўйича келишув мавжуд”, — деди Тўробоев.

Тўробоевнинг сўзларига кўра, ҳозирда энергетика соҳасида таъмирлаш ишларининг 95 фоизи бажарилган ва улар 1 ноябрга қадар тўлиқ якунланади. Бундан ташқари, у Қирғизистонга куз-қиш мавсуми учун 2 миллион 994 минг тонна кўмир зарурлигини таъкидлади. Шундан 1 миллион 237 минг тоннаси – аҳолига, бюджет ташкилотларига – 257 минг тоннаси, 1 миллион 500 минг тоннаси эса Бишкек иссиқлик электр станциясига жалб қилинади.

Аввалроқ, энергетика вазири Таалайбек Ибраев яқин орада Қирғизистонда кўмир экспортига вақтинчалик тақиқ жорий этилишини айтган эди. Иброев, шунингдек, бошқарма иссиқлик электр станциялари учун кўмир сотиб олиш бўйича тендер ўтказишга улгурмаётганини айтди. Шу муносабат билан “Электр станциялари” ОАЖ номи ошкор этилмаган Қозоғистон компаниясидан 400 минг тонна кўмир сотиб олиш бўйича шартнома тузди.

XS
SM
MD
LG