Ссылки доступа

Туркман махсус хизматлари Ўзбекистонга борган фуқароларни сўроқ қилмоқда


Пограничный пост между Туркменистаном и Узбекистаном. Фарап

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонга сафар қилаётган Туркманистон фуқаролари сони ортган. Айни пайтда Туркманистон Миллий хавфсизлик вазирлиги (МХВ) Лебап вилояти бошқармаси қўшни мамлакатга ўтиб келмоқчи бўлган фуқароларни суҳбатга чақираётгани айтилмоқда.

“Барча маълумотномалар тайёр бўлгач МХВга суҳбатга кириб-чиқиш керак. Ўзбекистондан қайтгандан сўнг яна чақиришади. Ўз фуқароларини душман мамлакатга юборилаётган айғоқчилар ўрнида кўришмоқда”, деди исмини очиқлашни хоҳламаган лебаплик бир киши Озодлик мухбирига.

МХВ ходимлари улардан асосан қўшни мамлакатда бўлган чоғларида Туркманистон ҳақида ҳеч бир салбий фикр билдирмасликни талаб қилишаётган экан. Шунингдек, ҳар бир кишига Ўзбекистонда туркман диаспораси вакиллари қандай яшаётганига доир маълумот тўплаш вазифаси юкланади.

“МХВ Ўзбекистонда ҳарбийлар, божхоначилар ва миграция идоралари ходимлари қанча ойлик олишини билиб келишни ҳам тайинлайди. Бунақа маълумотларни қариндош-уруғлар орқали қандай йиғишни ўргатишади. Бундан ташқари, гиёҳвандлик моддалари ташимаяпсизми, деб сўроқ қилишади”, дейди сўзининг давомида Озодлик суҳбатдоши.

Ўзбекистондан қайтганидан сўнг ҳар бир фуқаро ўз сафари ҳақида ҳисобот беришга мажбур экан. Бундан бош тортганлар эса божхона масканидан ўтказилмайди.

Озодлик ушбу суҳбатлар хусусида Туркманистон МХВдан изоҳ олишга муваффақ бўлолмади. Шунингдек, Ўзбекистонга борадиганлар суҳбатга ёппасига чақириладими ёки танлаб-танлабми, буни ҳам аниқлай олмадик.

Дунёнинг энг ёпиқ мамлакатларидан бири бўлмиш Туркманистон чет эл сафаридан қайтган фуқароларини сўроққа тутиши янгилик эмас. Сўнгги йилларда Озодлик ушбу мавзуда кўп марталаб ёзган.

Туркманистонда 2020 йили коронавирус пандемияси бошланиши муносабати билан жорий этилган чекловлар юмшатилгач, чегаралар секин-аста очилмоқда ва қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистонга бориб-келишни истовчи фуқаролар кўпаймоқда.

“Шу кунларда Ўзбекистоннинг Ашхободдаги элчихонаси олдида юзлаб одам виза олиш учун навбатда турибди”, дейди Озодлик мухбири.

Айримлар Ўзбекистонга тижорат қилиш ёки бу ердан бошқа мамлакатга ўтиб кетиш учун келишади. Бироқ кўпчилик чегарадан беридаги вилоятларда яшовчи қариндош-уруғларини зиёрат қилиш учун сафарга чиқади.

“Улар орасида яқинларини беш йиллаб кўрмаганлар, тўй-таъзияларда қатнаша олмаганлар жуда кўп. Ўн кунлик виза учун 51 доллар тўлаш керак, 20 кунлик виза – 71 доллар, бир ойлик виза эса 91 доллар туради. Ўзбекистон элчихонаси божни манатда, аммо қора бозор курсида олади”, таъкидлайди мухбиримиз.

Чегарага туташ Фарап, Дарғанат ва Дёнев каби этраплар (туманлар) аҳолиси учун виза олишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилган. Улар уч кунлик визани 850 манат, яъни қора бозор курси бўйича 42 долларга сотиб олишади.

“Соддалаштирилган тартибдан фойдаланиш учун Ўзбекистон элчихонасига паспорт, таваллуд гувоҳномаси ва қариндошлик ҳақида маълумотномадан ташқари, ўзбекистонлик қариндошларнинг таклифнома хатини ҳам топшириш керак бўлади”, деди яна лебаплик суҳбатдош.

Соддалаштирилган тартибда виза олган лебапликлар Ўзбекистоннинг фақат Бухоро вилояти ҳудудида бўлишлари мумкин.

Умумий узунлиги 1621 километрга тенг туркман-ўзбек чегараси Туркманистоннинг Тошҳовуз ва Лебап вилоятларидан ўтади. Тошҳовуздан Ўзбекистон ҳудудига икки чегара маскани – Сапармурат Туркманбоши этрапида жойлашган “Шовот” ҳамда Қўҳна Урганч этрапидаги “Хўжайли” масканлари орқали ўтилади.
Форум

XS
SM
MD
LG