Ссылки доступа

Қозоғистон мартда «Бухоро-Урал» газ қувурининг учинчи тармоғи қурилишини бошлайди


Қозоғистон 2023 йилда Ўзбекистондан Қозоғистон орқали Россияга ўтувчи «Бухоро-Урал» газ қувурининг учинчи тармоғи қурилишини бошлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Актобе вилояти ҳокими Ерали Тугжанов маълум қилди.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, бу «жуда йирик лойиҳа» бўлиб, унинг узунлиги 162 км бўлади, умумий қиймати қарийб 43 миллиард тенгени (95,6 миллион долларга яқин) ташкил этади. «Бу йил қурилиш ишларини бошлаймиз. Буни ҳал этмас эканмиз, вилоят қишлоқларини газлаштириш масаласи кун тартибида қолаверади», — деди вилоят ҳокими.

Қурилиш ишлари март ойида бошланиши режалаштирилган.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россияни боғлайдиган газ қувурининг умумий узунлиги 4500 км дан ошади. Газли-Челябинск газ қувурининг иккита тармоғидан биринчиси 1963 йилда, иккинчи Газли-Челябинск-Свердловск — 1966 йилда ишга туширилган. Қувурни назорат қилиш ва техник хизмат кўрсатиш «Газпром» компанияси томонидан амалга оширилади.

2014 йил кузида газ қувури тескари режимда ишга туширилди, яъни қарама-қарши йўналишда газ етказиб берила бошланди, «Газпром» шу тариқа Қозоғистоннинг жанубий вилоятларини газ билан таъминлашни йўлга қўйди.

2022 йил 28 ноябрь куни Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида «учлик газ иттифоқи»ни тузиш масаласини муҳокама қилди. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, ушбу минтақада энергия таъминоти йўллари «ўта долзарб» ва бундай иттифоқ «ҳар учала давлат манфаатларига мос келади».

XS
SM
MD
LG