Ссылки доступа

Саудия Судандан яна 10 давлат фуқаросини эвакуация қилди. Улар орасида ўзбекистонликлар ҳам бор


Саудия Арабистони ҳокимият талашаётган гуруҳлар ўртасида ўзаро жанглар бораётган Судандан ўзининг беш фуқаросини ва яна 10 та давлатнинг 198 фуқаросини эвакуация қилди. Улар 26 апрель куни самолётда Жидда шаҳрига олиб келинган. Бу ҳақда Saudi Press Agency (SPA) хабар берди.

Бу гал эвакуация қилинганлар орасида Россия, Британия, Хитой, АҚШ, Ўзбекистон, Яман, Сингапур, Камбожа, Малайзия ва Покистон фуқаролари бор. Агентлик қайси давлатнинг қанча фуқароси эвакуация қилингани тўғрисида маълумот бермаган.

Саудия Арабистони жанглар бошланган 15 апрелдан то шу кунгача Судандан жами 2351 кишини эвакуация қилди. Улардан 119 нафари Саудия, 2232 нафари эса жаҳондаги 67 давлатнинг фуқаросидир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, 15 апрелдан бери Судандаги отишмаларда жами 459 киши ҳалок бўлди ва тўрт мингдан кўпроқ киши яраланди.

Суданда генерал Абдул Фаттоҳ ал Бурҳон армияси ва Муҳаммад Ҳамдан Дагало раҳбарлигидаги “Тезкор қўлловчи қўшин” ўртасида қуролли тўнашув бўлмоқда. Бунга бир вақтлар ҳамкор бўлган икки генералнинг ҳокимият учун курашаётгани сабаб бўлди.

“Тезкор қўлловчи қўшин” ва армия 2019 йилнинг апрелида Суданда ҳарбий тўнтаришни амалга ошириб, мамлакатни 30 йил бошқарган президент Умар ал Баширни ҳокимиятдан улоқтирган эди. 2021 йилнинг апрелида эса бу икки қўмондон ҳокимиятни фуқаролик маъмуриятига топширишдан воз кечиб, иккинчи ҳарбий тўнтаришни амалга оширганди.

XS
SM
MD
LG