Расман билдирилишича, мазкур дастурни амалга ошириш учун 2023-2024 йилларда жами 1 миллиард доллар ажратилади.
Бу маблағлар ҳисобидан камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилиш бўйича лойиҳа аҳамиятига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади. Бундан ташқари тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.
Дастурда иштирок этадиган тадбиркорлар камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади. Камбағал оила аъзоси эса даромад солиғидан озод қилинади.
5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга камайтирилади. Уларнинг фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди.
Президентнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳар йили касб-ҳунарга ўқитишга 200 миллиард сўм ажратилади. Аммо кадрлар тайёрлаш тадбиркорлик субъектларининг мутахассисларга эҳтиёжи билан боғланмаган. Шундан келиб чиққан ҳолда “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурини амалга киритишга қарор қилинган.
Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилиши ҳақида президент Шавкат Мирзиёев 15 майда ўтган йиғилишда маълум қилди.