Ссылки доступа

Жиззахда 19 ёшли йигит тақиқланган диний материалларни тарқатганликда айбланиб судланди


Жиззах шаҳар Жиноят ишлари судида 19 ёшли йигит диний мавзудаги тақиқланган материалларни тарқатганликда айбдор деб топилди, деб хабар берди 22 май куни Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов.

Суд ҳукми билан йигитга Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) асосида озодликдан уч йил чеклаш жазоси берилди.

Расмий хабарда айтилишича, судланувчи Telegram орқали 2020 йилнинг мартидан “Ўзбекистонда тақиқланган турли ақидапарастлик ғоялари мавжуд маълумотлар билан танишиб келган”. У бу маълумотларни ўзининг 58 киши аъзо бўлган Telegram канали орқали тарқатиб келган.

Сўнгги ойларда Ўзбекистонда бу каби айбловлар билан бир неча ёш йигит судланди. Жумладан, 8 май куни Тошкент вилояти Оққўрғон туманида Telegram орқали “Шаҳид бўлиб кетсак, рози бўлингиз” номли “жиҳод” ва “ҳижрат”га даъват қилувчи диний мазмундаги нашидалар тарқатгани учун 21 яшар Жаҳонгир Улуғмуродов 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Шу йилнинг 30 январида 21 ёшли Сардор Раҳмонқулов 3 йил олдин синфдошига юборган диний қўшиқ (нашид) учун 5 йилга қамалган, апелляция суди эса унга белгиланган жазо муддатини шартли қамоқ жазоси билан алмаштирган эди.

XS
SM
MD
LG