Ссылки доступа

Грознийда Қуръоннинг ёқилишига қарши ўтган намойишга бюджетчилар мажбуран жалб қилинди


Чеченистон пойтахти Грознийда Волгоградда талаба Қуръонни ёққанига қарши ўтказилган митингга бюджет ташкилотлари ишчилари ва талабалар мажбуран жалб қилинди. Бу ҳақда Кавказ.Реалии таҳририятига Грознийда яшовчи бир неча одам хабар берди.

Кавказ. Реалии бюджет ташкилотлари, жумладан, мактабларга митингга қанчадан одам жўнатиш бўйича кўрсатмалар берилгани қайд этилган ҳужжатлар ўз ихтиёрида мавжуд эканини билдирди.

Маҳаллий ОАВларнинг ёзишича, 23 май куни “Чеченистон юраги” масжиди олдига митингга қатнашиш учун ихтиёрий равишда бир неча минг диндор йиғилган.

23 майда ўтган митингда Чеченистон парламенти раиси Магомед Даудов Россияда Қуръонни ёқиш акцияси Украина ва Ғарб махсус хизматлари томонидан молиялаштирилганини иддао қилди. Бироқ у бу иддаони тасдиқловчи бирорта далил-исбот келтиргани йўқ.

Митингга келганлар Рамзон Қодировнинг портретларини, “Муқаддас каломдан қўлингни торт”, “Менинг диним – менинг ҳаётим” каби шиорларни кўтариб туришди. Чеченистон ҳукуматининг билдиришича, митингда 60 минг киши қатнашди. Аммо бу маълумотни тасдиқловчи муқобил маълумот йўқ.

Волгоградда Қуръон ёқилаётгани тасвирга олинган видео 19 май куни пайдо бўлган эди. Россия Тергов қўмитаси бу воқеа ортидан 19 ёшли Никита Журавель қўлга олинганини маълум қилган.

Қуръоннинг ёқилиши бўйича иш Чеченистон аҳолисининг ўзларини “жабрланувчи сифатида тан олиш тўғрисидаги кўплаб мурожаатлари ортидан” Волгоград Тергов қўмитасидан Грознийга ўтказиб берилди, деб билдирди Россия Тергов қўмитаси.

XS
SM
MD
LG