Тожик муҳожирларининг хабар беришича, 1 июнь куни эрталаб Красногорскдаги қурилиш майдончаларидан бирида яна худди шу ҳодиса содир бўлган. Қурилиш майдончаси яқинида 50 га яқин Тожикистон фуқароси қўлга олинган.
Тармоқларда тарқалган видеоларнинг бирида Россия полицияси муҳожирларни ерга юзтубан ётқизган ҳолда калтаклаётгани акс этган.
Видео муаллифлари тожикистонлик меҳнат муҳожирлари эканликларини ва воқеалар сўнгги кунларда Москва ва унинг атрофида содир бўлганини айтишмоқда.
Уларга кўра, ҳодиса оқибатида бир неча муҳожир жароҳатланган.
Сўнгги кунларда Россиянинг турли ҳудудларида Марказий Осиё, хусусан тожик фуқароларини ҳибсга олиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда.
19 май куни Хабаровскда Комсомолск-на-Амур давлат университетининг юздан ортиқ тожикистонлик талабалари Россия махсус кучлари томонидан калтакланган эди.
Талабаларнинг сўзларига кўра, махсус мобил отряд ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ётоқхонага бостириб кириб, тожикистонлик талабаларни калтаклай бошлаган. Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси махсус отряднинг ҳаракати оқибатида 10 нафар тожикистонлик талаба жароҳатлангани ҳақида хабар берди.
Ўтган ҳафта Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорев Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, у ерда Тожикистон фуқароларининг Россияда оммавий ҳибсга олинишидан Душанбенинг хавотирда экани ҳақида хабардор қилган. Россия расмийлари муҳожирларга босим кучайгани сабабини ҳалигача тушунтирмади.