Усмонзодага кўра, Душанбе Россия ва Украина ўртасидаги можарода бетараф қолмоқда.
Шунингдек, у Тожикистоннинг Россия билан ҳам, Украина билан ҳам яхши муносабатларга эга эканлигини ва расмийлар бу муаммонинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини камайтиришга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.
“Биз бу масаланинг мураккаблигини ҳисобга олиб, биринчи навбатда минтақа давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қиляпмиз”, — дея қўшимча қилди Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари.
Мутахассислар, шунингдек, меҳнат муҳожирлари масаласи ва Ғарб билан муносабатларни сақлаб қолишдан келиб чиққан ҳолда, Тожикистон Украина инқирози бўйича нейтрал сиёсатга амал қилишда давом этиши керак, деб ҳисоблайди.
Россиянинг Украинага бостириб кириши Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Тожикистонни ҳам анча нохуш аҳволга солиб қўйди. Душанбе Москванинг стратегик ҳамкори, бироқ, бошқа томондан, Украина ва Ғарб давлатлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Тожикистон ҳукумати Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши масаласида ўз позициясини билдирмасликка ҳаракат қилмоқда.
Стратегик тадқиқотлар марказида ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар тожикистонликларнинг Украинага қарши урушда иштироки масаласини кўтардилар. Охирги бир йил давомида ОАВда Украинада ўнлаб Тожикистон фуқаролари ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Улардан баъзилари Россия фуқаролигига эга бўлган, бошқалари эса Тожикистон қамоқхоналарида ишга олинган. Стратегик тадқиқотлар маркази раҳбари Тожикистонда тожикларнинг Украинадаги урушда иштирок этишига расмий норозилик билдирилмаганини изоҳлади.
Шу билан бирга, Хайриддин Усмонзода Тожикистон ва Россия ўртасидаги қўш фуқаролик тўғрисидаги келишувга тўхталиб, “фуқароликни олиш фуқаро зиммасига маълум масъулият ва мажбуриятларни юклашини” айтди.
Ғарб давлатлари аллақачон Марказий Осиё давлатларини Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бермаслик ҳақида огоҳлантириб, акс ҳолда бу давлатларнинг ўзлари ҳам санкциялар остида қолишини қайд этган. Июль ойида АҚШ Россияга санкция қўйилган товарларни етказиб берган тўртта қирғиз компаниясини қора рўйхатга киритган эди. Тожикистонлик экспертларнинг фикрича, Душанбега қарши санкциялар қўлланилиши эҳтимолдан йироқ эмас.
Тожикистонлик эксперт Абдумалик Қодиров буни Қирғизистон Россия билан божхона иттифоқи аъзоси ва Россияга маҳсулот экспорт қилиш ёки реэкспорт қилиш имкониятлари кўпроқ эканлиги билан асослайди.