Ссылки доступа

Тожикистондаги шаҳарча саккиз йилдан бери мактаб, электр ва сувсиз яшамоқда


Баҳористон шаҳарчаси
Баҳористон шаҳарчаси

Сўғд вилояти Деваштич туманидаги Баҳористон шаҳарчасида истиқомат қилувчи ёшлар энг яқин мактабга бориш учун ҳар куни қарийб ўн километр йўл босиб ўтади. Мана саккиз йилдирки, улар ўз шаҳарларида мактаб қурилишини кутишмоқда.

Вазиятдан хавотир ота-оналар, болаларининг ўқишлари зарурлиши сабаб ҳам чидашга мажбур. Деваштич туманида яшовчи Табаррук Ниёзова қишда вазият янада оғирроқ эканини айтади.

“Қишда бу ерда ҳаво жуда совуқ, кучли шамол ва ёмғир ёғади, бундай об-ҳавода ёш болалар мактабгача бўлган узоқ йўлни босиб ўтишлари қийин. Биз, ота-оналар, улар ҳақида қайғурмаслигимиз учун ҳукумат ёрдам беришини, болаларни ташиш учун транспорт ажратишини истаймиз”, - дейди у.

Мактабгача бўлган йўл ҳам хавфли, чунки болалар катта тезликда автомобиллар оқими ҳаракатланадиган Душанбе-Чаноқ йўлини кесиб ўтишлари керак. Маҳаллий аҳолининг айтишича, деярли ҳар куни бу йўлда даҳшатли бахтсиз ҳодисалар гувоҳи бўлишади.

Баҳористон шаҳарчаси 2015 йилда ташкил этилган бўлиб, Деваштич тумани ва Истаравшан шаҳри ўртасида жойлашган. Аҳолининг сўзларига кўра, бу ерда 100 дан ортиқ оила уй-жой қурган ва уларнинг бир қисми уйларига кўчиб келган. Аммо шаҳарчада ҳали ҳам оддий шароит ва зарур инфратузилма мавжуд эмас.

Аҳолининг айтишича, бу борада мутасадди ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилинган, аммо мурожаатлар беҳуда ваъдалар билан якунланган.

Деваштич туманида яшовчи Абдулло Жумаевнинг айтишича, янги ўқув йилида баҳористонлик 22 нафар бола мактабга борган, ота-оналар эса уларни шахсий транспортда мактабга олиб боришга мажбур. Унга кўра, туман таълим бўлимининг болаларни ташиш учун транспорт ажратиш ваъдаси ваъдалигича қолмоқда.

Туман ҳокимлиги вакиллари Баҳористон аҳолисини қийнаётган муаммолардан хабардор бўлиб, уларни ҳал этиш йўлларини излаётгани, бироқ шаҳарчада мактаб ва бошқа ижтимоий инфратузилма объектлари қачон қурилиши ҳақида аниқ маълумот бера олмаслигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG