Ссылки доступа

Самарқандликни АҚШга юборишни ваъда қилган шахс ушланди


Самарқандда А.А., исмли шахс М.А.,ни АҚШга ноқонуний йўл билан ишга юборишни ваъда қилганликда гумонланиб қўлга олинди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Дeпартамeнтининг билдиришича, А.А., Самарқанд-Истамбул-Мадрид-Никарагуа йўналиши орқали М.А.,ни АҚШга жўнатиш учун 14 минг доллар сўраган.

А.А., бу пулнинг уч минг долларини олаётган пайтда ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бунданг аввалроқ Озодлик радиоси “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” номли суриштирувни эълон қилган эди. Суриштирувда АҚШга Гватемала, Никарагуа ва Мексика орқали ноқонуний йўллар билан ўтмоқчи бўлган юзлаб ўзбекистонлик ва қирғизистонлик муҳожирлар тақдири ҳақида ҳикоя қилинади.

Фильм қаҳрамонлари орасида кимсасиз ўрмонлар оралаб, оч-ночор тентираб, тимсоҳларга тўла сувларда ҳаётини хавфга қўйиб, қароқчилар томонидан ўғирланиб, асирликда яшаганлар бор.

30 августда президент Байден маъмурияти Ўзбекистондан АҚШга одамларни ноқонуний олиб кириш билан шуғулланган тармоқ фаолиятига чек қўйганини маълум қилганди. Қўшма Штатлар расмийларига кўра, тармоқнинг камида бир аъзоси хорижий террорчи гуруҳ билан алоқада бўлган.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши сўзчиси Эдриенн Уотсон: ”Контрабандачилардан кўмак олган муҳожирлар тезда депортация қилинади ва тўлиқ текширилади”,-деб билдирган.

2022 йилда АҚШ божхона ва чегара қўриқлаш хизмати АҚШ чегараларида 3200 га яқин ўзбекистонликни аниқлаган, бир йил аввал бу кўрсаткич 700 дан кам эди.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 30 август куни Интерпол қидирувидаги эркак Никарагуадан Ўзбекистонга экстрадиция қилинганини билдирди.

XS
SM
MD
LG