Эндиликда Конституциявий суд қарорлари ўз қатъийлигини йўқотиб, жорий сиёсатга қараб қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Конституциявий судга ўз қарорларини қайта кўриб чиқишга имкон берувчи қонун лойиҳасини Жўқорғу Кенеш депутатлари 28 сентябрь куни биратўласи иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилган эди.
Қонуннинг амалдаги таҳририга кўра, Конституциявий суд қарорлари якуний ҳисобланади ва қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас. Қабул қилинган ўзгартиришлар Конституциявий судга ўз қарорларини бекор қилиш ёки қайта кўриб чиқишга рухсат беради.
Эндиликда Конституциявий суд ўз қарорларини Қирғизистон Республикаси Президентининг ёки унинг раисининг таклифига кўра бир неча ҳолларда қайта кўриб чиқиши ёки бекор қилиши мумкин: қарор қабул қилиш учун асос бўлган Конституция нормалари ўзгартирилганда; масаланинг янги тафсилотлари юзага келганда, ахлоқий ва маънавий қадриятларга, Қирғизистон халқининг миллий руҳига зид бўлган қарор қабул қилинганда.
Жорий йилнинг июлида Конституциявий суд болаларнинг шарифи сифатида отасининг исми ўрнига онасининг исмини ҳам бериш мумкинлиги ҳақида қарор чиқарган эди. Фаол Олтин Капалованинг мурожаатига жавобан Конституциявий суд вояга етган шахслар ўзига шариф сифатида отасининг ёки онасининг исмини танлаш ҳуқуқига эга бўлиши кераклигини таъкидлаган.
КС ушбу қонституциявий қарор жамиятда урф бўлган анъаналарга зид эмаслигини урғулаган.
Бу қарор жамиятда кенг баҳс-мунозарани келтириб чиқарган.
Қирғиз парламентининг спикери шариф сифатида она исмига рухсат берган Конституциявий суд аъзоларини истеъфосини талаб қилган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев “шариф сифатида ҳеч қандай она исми қабул қилинмаслигини" билдирган эди. Кейинроқ, президент Садир Жапаров ташаббуси билан, президент маъмурияти Конституциявий суд қарорларини қайта кўриб чиқишга имкон берувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққан ва парламентга тақдим қилган.