Даъво муддати қўлланмайдиган ва жиноят содир этилган пайтдан бошлаб қанча вақт ўтган бўлмасин, шахс ҳар қандай ҳолатда жавобгарликка тортилиши шарт бўлган жиноятлар рўйхати янгиланди. Энди коррупция ва катта миқдордаги фирибгарлик жиноятлари учун ҳам даъво муддати қўлланмайди.
Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига тегишли ўзгартишларни президент Садир Жапаров 22 февраль куни имзолади, деб хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.
Transparency International халқаро коррупцияга қарши ташкилотининг 2023 йил учун Коррупцияни идрок қилиш индексида Қирғизистон 180 та давлат ичида 141-ўринни эгаллади. Мамлакат бу ўринни Россия ва Гвинея билан баҳам кўради. 2023 йил ноябрь ойида президент Садир Жапаров мамлакатда коррупция 90 фоизга йўқ қилинганини ҳамда бунинг натижасида давлат бюджети кўпайганини иддао қилган эди. Бироқ у бундай ҳисоб-китоблар нимага асосланганига аниқлик киритмаган.
Сўнгги йилларда иқтисодий жиноятларда гумонланаётганлар кўпинча уй қамоғида бўлишини ёки етказилган зарарни ўрнини тўлдириш эвазига қўйиб юборилишини кузатиш мумкин. Судда ҳам уларга нисбатан, одатда, жарима қўлланилади, холос.
Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2020-2023 йилларда етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш эвазига бюджетга 15 миллиард 562 миллион сом (таҳминан 174 миллион доллар) тушган.