Қарашлари аксар масалаларда бир-бирига зид бўлган икки партия вакиллари — республикачи ва демократ депутатлар бу гал бир қадар ҳамжиҳатлик билан овоз беришган: қонун лойиҳаси депутатларнинг 352 нафари томонидан ёқланган, 65 нафар депутат эса ҳужжат қабул қилинишига қарши чиққан. CNN хабарига кўра, қонун лойиҳасига қарши овоз берган депутатларнинг 50 нафарини демократлар, 15 нафарини эса республикачилар ташкил этади.
Америкалик қонун чиқарувчиларга кўра, агар Хитойнинг ByteDance ширкати TikTok’ни
бошқа шахсга сотмаса, илованинг АҚШдаги Apple ва Google ширкатлари дўконларидаги сотуви тўхтатилиши лозим.
Чеклов тарафдорларининг урғулашларича, TikTok АҚШ миллий хавфсизлиги учун таҳдиддир. Уларга кўра, Хитой ҳукумати махсус хизматлари тўғрисидаги ўз қонунларини ByteDance ширкатига қарши ишлатиб, уларни TikTok иловасидан фойдаланаётган АҚШ фуқароларига оид шахсий маълумотларни ХХР расмийларига топширишга мажбур қилиши мумкин.
Ҳозиргача кўплаб манбалар ByteDance вакиллари Хитой ҳукумати билан алоқада экани ҳамда ширкатдан сиёсий цензура қўлланилишида фойдаланилаётгани ҳақида маълум қилишган. ByteDance бир неча бор АҚШ ва бошқа мамлакатларда тергов объектига айланган.
TikTok’ка оид қонун лойиҳаси АҚШ Сенати томонидан қабул қилиниб, президент томонидан имзоланган тақдирда, ByteDance ширкатига иловани сотиш учун тақрибан беш ой муҳлат берилади. Агар бу вақт ичида TikTok сотилмаса, CNN қайдича, Хитой иловаси АҚШдаги Apple ва Google дўконларида сотувдан олиб ташланади, бошқа сўз билан айтганда, америкаликлар ўз жиҳозларига ўрнатиш учун TikTok иловасини юклаб ололмайдилар.