Ссылки доступа

Москвада ўнлаб ўзбекистонлик маошларини ололмаяпти


Иллюстративное фото
Иллюстративное фото

Москвада Флан-М қурилиш компаниясида ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар ойликларини ололмаётганидан шикоят қилмоқдалар.

Москвада Флан-М қурилиш компаниясида ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар ойликларини ололмаётганидан шикоят қилмоқдалар. “Мигрант Медиа” лойиҳаси уларнинг бири билан суҳбатлашди. Ўзбекистонликнинг айтишича, компания ишчиларга бир неча ой давомида иш ҳақларини тўлиқ бермаяпти. Улар Ўзбекистон ҳукуматидан ёрдам сўрамоқдалар.

Уларнинг орасида Ўзбекистон фуқароси Асадбек ҳам бор, у иш берувчининг унга кунига 5 минг рубл тўлаш ҳақидаги ваъдаларига ишонганини айтиб берди. Бироқ, аслида, у ва унинг шериклари икки ҳафталик иш учун топган пулларини ололмаган.

Асадбек ишчиларга маошларнинг муайян бир қисмигина берилаетганини ва шу сабаб муҳожирлар бир неча ойдан буен ойликларини тўлиқ ололмаетганларини айтади.

"Менга тахминан кунига 5000 рублдан ҳисоблаганда икки ҳафтага кўпайтиринг, менга ўша пулни бериши керак. Меники шундай, лекин қолган болалар 2-3 ойдан бери шу ерда юришибди. 2-3 ой! 2-3 ойдан бери алдаб-алдаб 30 минг, 40 минг рубль беришяпти. Агар қонуний ойлигини берадиган бўлса, ҳар бири яна 200-250 минг рублдан пул олишлари керак", дейди Асадбек.

"ФЛАН-М қурилиш компанияси 2008 йилдан бери Москва қурилиш бозорида муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда ва ўзини ишончли пудратчи сифатида кўрсатди", дейилади компания веб-сайтида.

Бироқ ишчилар бунинг аксини айтадилар. Уларнинг айтишича, ишчиларга эътиборсизлик билан муносабатда бўлиш, иш ҳаққини доимий равишда кечиктириш ва ноқонуний ишдан бўшатиш корхонада одатий ҳолдир.

Ишчилар маошлари тўлиқ тўланмагунча компания объектларида ишлашни давом эттиришдан бош тортишмоқда. Улар Ўзбекистон ва Россия расмийларига компания раҳбариятига нисбатан чора кўришларини сўраб мурожаат қилишмоқда.

"Биз Россиянинг қонунларига бўйсунган ҳолда патент олдик, тўловини қилдик. Ҳар қандай қонун-қоидасига риоя қиляпмиз. Бизларнинг айбимиз нима? Нимага бизни эзишади? Нимага бизни хор қилишади? Шуни тушунмадим мен. Ҳаммасининг [муҳожирларнинг] ўзига яраша муаммоси бор. Кимнидир аёли қўнғироқ қиляпти - боласининг мазаси йўқ, пул сўраяпти. Билмадим, нима қилиш керак буларни тушунмадим", дейди Асадбек.

Россияда Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларининг поймол этилиши муаммоси ҳам иш берувчиларнинг ноқонуний ҳаракатлари, ҳам давлат идоралари томонидан етарлича ҳимояланмаганлиги туфайли янада оғирлашмоқда.

Афсуски, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни назарда тутувчи қонун ҳужжатлари мавжудлигига қарамай, ҳақиқатда муҳожирлар кўпинча суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишдаги қийинчиликлар туфайли ўзларини ҳимоясиз ҳис қилишади.

XS
SM
MD
LG