Ссылки доступа

Тоқаевнинг гербни ўзгартириш таклифи эътирозларга сабаб бўлмоқда


Тоқаев Қозоғистон гербини тушуниш жуда қийинлигини, унда эклектика ва совет даври белгилари талайгина эканлигини айтган эди.

Гералдика кенгаши аъзоси, тарихчи Каржаубай Сарткожаули, жамиятда шундоқ ҳам талай бошқа муаммолар борлигини айтиб, президент Қосим-Жомарт Тоқаевнинг гербни ўзгартириш ҳақидаги таклифига қарши чиқди.

"Биз энди мустамлакачиликдан чиқяпмиз. Келинг, соғлом ақл билан фикр юритайлик. Бу гербда шайроқ, кереге, желбау, мамлакат номидан бошлаб барча миллий рамзларимиз мавжуд ва булар скиф ва саклар давридан тортиб бугунгача тарихимизни акс этади”, дейди у Озодлик билан суҳбатда.

Аввалроқ, Миллий қурултой йиғилишида Тоқаев Қозоғистон гербини тушуниш жуда қийинлигини, унда эклектика ва совет даври белгилари талайгина эканлигини айтиб, гербни ўзгартиришни таклиф қилган.

Гербни ўзгартириш таклифи ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу таклифни, жумладан, меҳнат шароитини яхшилаш талаби билан уч ойдан бери намойиш қилаётган нефтчилар ҳам танқид қилган.

Бюджет маблағларининг сарфланиши, тендер ва давлат харидларини ўтказиш таҳлили билан шуғулланувчи ПроТенге Телеграм канали шаҳар ва вилоятлар миқёсида гербни алмаштириш биттагина идора учун 10 миллион тенгега тушиши мумкинлигини хисоблаб чиқди. “Икки йил аввал Оқтўбе вилояти полицияси бор-йўғи иккита фасадли герб учун тўрт миллион тенге тўлаган”, деб ёзади нашр.

Қозоғистон республикасининг герби 1992 йил 4 июнда тасдиқланган. Шундан сўнг у бир неча бор ўзгартирилган. Аввалроқ Қозоғистонда “Жана Адамдар” ёшлар ҳаракати мамлакат аҳолисини янги герб ҳақида ўйлаб кўришга чақирган эди.

“Герб компания логотипи ҳам, эсдалик нишони ҳам, эмблема ҳам эмас. Герб кўпроқ нарсани англатади. Бу тақдир. Бироқ ҳозирда биз қўллаётган герб келажакка йўналишни билдирмайди, қадриятларимиз ҳақида мужда бермайди. Сўровда қатнашган қозоғистонликларнинг 70 фоизи уни танимаган”, — деган эди “Жана Адамдар” ёшлар ҳаракати.

XS
SM
MD
LG