Бу ҳақда БМТ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастурининг дунёдаги озиқ-овқат маҳсулотлари утилизацияси тўғрисидаги ҳисоботида айтилган.
Ҳисоботга мувофиқ, Ер куррасида яшаётган ҳар бир одам йилига ўртача 79 килограмм яроқсиз бўлиб қолган озиқ-овқат маҳсулотини ахлатга ташлайди. АҚШда йилига ўртача 115 кг, Европада 65 кг, Россияда эса 56 кг озиқ-овқат маҳсулоти ахлатга ташланади.
2022 йилда чиқиндига чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий ҳажми 1 миллиард 50 минг тоннани ташкил этган. Бу кунига тақрибан 1 миллиард порция овқат деганидир.
Озиқ-овқатларнинг 60 фоизи якка тартибдаги истеъмолчилар ва уй хўжаликлари томонидан ахлатга отилади. Чиқиндига чиқарилган озиқ-овқатларнинг 28 фоизи умумий овқатланиш муассасалари ҳиссасига тўғри келади, 12 фоизини эса талаб йўқлиги туфайли дўкон ва супермаркетлар пештахталарида қолиб кетган маҳсулотлар ташкил этади.
БМТ ҳисоботида “ортиб қолган” озиқ-овқат маҳсулотлари фақат бадавлат мамлакатлардагина ахлатга ташланмаётганига эътибор қаратган. Юқори, ўрта ва паст даромадли мамлакатларда оила бошига чиқариб ташланган чиқинди ҳажмидаги фарқ 10 фоиздан ошмайди.
Инсоният бутун озиқ-овқат маҳсулотларининг қарийб бешдан бир қисмини ахлатга ташлаётганини фақат исрофгарчилик дея баҳолаш билан кифояланиб бўлмайди. Ҳисоботда озиқ-овқат чиқиндиси ҳажмининг ортиб бораётгани атроф-муҳитга ҳам зарар етказаётгани ҳамда иқлимдаги исталмаган ўзгаришларга ҳам сезиларли даражада ҳисса қўшаётгани ҳам урғуланган. Атмосферага чиқарилаётган йиллик барча иссиқхона газларининг 8-10 фоизи чириётган озиқ-овқат маҳсулотларидан чиқади.
БМТ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш дастури ижрочи директори Ингер Андерссенга кўра, бугунги кунда миллионлаб одам очлик шароитида яшаяпти, миллионлаган бошқа одамлар эса егуликларни чиқиндихонага отмоқда ва бу ҳолат нафақат жамият тараққиёти учун, балки атроф-муҳит ва иқлим учун ҳам муаммо бўлиб ҳисобланади.
БМТ дунё давлатларини озиқ-овқатни қайта тақсимлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича хусусий ва нотижорий ташаббуслар билан кўпроқ ҳамкорлик қилишга чақирган.