Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Зафаробод туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.Қ. фуқаро Б.Б.нинг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида Америка Қўшма Штатларига ишга юбориши эвазига 20 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида Навоий шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.Т. фуқаро М.Ш.нинг ишончига кириб, уни Мексика давлати орқали Америка Қўшма Штатларига ишга юбориши эвазига 14 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ АҚШга Мексика ва бошқа давлатлар орқали ноқонуний йўллар билан кетган 74 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилгани тўғрисида хабар қилинган эди.
Ташқи меҳнат миграцияси 2023 йил 21 декабрда ҳам АҚШ ҳукумати Тошкентга 119 ўзбекистонликни қайтаргани тўғрисида маълум қилганди.
2023 йил 13 октябрда Fox News сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон фуқаролари АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлар орасида учинчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар тарқатган.
Телеканал бу статистикани АҚШ Чегара хизматидан олинган маълумотларга асосланган ҳолда эълон қилди. Fox News сўнгги икки йилда 13624 нафар ўзбекистонлик АҚШга ноқонуний ўтишга ҳаракат қилганини таъкидлаган.