Қирғизистон президенти Садир Жапаров “Хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳақда у 2 апрель куни Фасебоокдаги саҳифасида маълум қилди.
Жапаровнинг иддаосига кўра, аввал нодавлат ташкилотлар ҳеч қаерда рўйхатдан ўтмаган ва ўз фаолияти ҳақида ҳисобот бермаган.
“Улар фақат банк ҳисоб рақамларини очиб, чет эллик донорлардан пул олиб, ўз хоҳишига кўра, шу жумладан шахсий мақсадларда ҳам ишлатиб келган. Бундан буён улар ҳам бошқалар қатори Адлия вазирлигида рўйхатга олинади. Энди улар шаффоф ишлайди, аввалгидек тартибсизлик бўлмайди”, деб ёзади президент.
Президентнинг қўшимча қилишича, қирғиз ННТлари халқаро донорларни алдаб юрган ва шунинг учун “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонунга қарши бўлган. Унинг айтишича, ушбу қонун орқали ҳукумат “ҳамма тенг ва шаффоф шароитда ишлаётганини" кўрсатмоқчи бўлган.
Март ойи охирида 100 дан ортиқ ННТ ва фаоллар президентдан қонун лойиҳасига вето қўйишни сўраган эди. Уларнинг айтишича, ННТлар молиялаштириш манбаси ва харажатлар йўналиши ҳақида ҳеч қандай ҳисобот тақдим этмаслиги ҳақидаги баёнотлар ёлғондир.
“Қирғизистон қонунчилигига мувофиқ, ННТлар, барча юридик шахслар каби, белгиланган ҳисоботларни тақдим этадилар. Бундан ташқари, 2021 йилда ННТлар учун алоҳида ҳисоботлар киритилган”, дейди фуқаролик жамияти вакиллари.
Қонун эълон қилинган кундан 10 кун ўтгач кучга киради.
Қирғизистон парламенти 14 март куни учинчи ўқишда “хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди.
“Хорижий вакиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси даставвал 30 дан зиёд депутат ташаббуси билан кўтариб чиқилган, лекин кейинроқ ҳужжат танқидга учрагач, депутатларнинг бир қисми лойиҳа остига ўз имзосини қўйишдан воз кечган. Қонун лойиҳаси кўпроқ унинг асосий муаллифи бўлган депутат Надира Нарматова томонидан олға сурилмоқда. Қирғизистон учун бундай қонун ўта зарурлигини айтган Нарматова мамлакатдаги ноҳукумат-нотижорат ташкилотлари ҳар йили ўз лойиҳалари учун хориждан грант маблағлари олаётганлари, бироқ бу пулларни нималарга сарфлаётгани ҳақида ҳисобот тақдим этмаётганлари ҳақида бир неча бор гапирган эди.
Ушбу қонун қабул қилиниши билан хориждан маблағ оладиган ННТларни рўйхатга олишда ва ҳисобот тақдим қилишда қатор мураккаб чекловлар пайдо бўлади.
Мазкур қонун лойиҳаси жамоатчилик, фаоллар ва халқаро ташкилотлар томонидан бир неча бор танқид қилинган. Улар қонун лойиҳаси фақат нотижорат ташкилотлари учунгина хатарли эмаслиги, қонун қабул қилинса, бу Қирғизистондаги кўплаб нотижорат ташкилотларининг ёпилиши ва халқаро донорларнинг кетишига сабаб бўлишини қайд этишган.
Аввалроқ Human Rights Watch, Amnesty International сингари халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, ЕХҲТ вакиллари ва коррупцияга қарши кураш билан шуғулланувчи Transparency International халқаро ташкилотлари парламент депутатларига мазкур қонун лойиҳасини қабул қилмаслик чақириғи билан чиқишган.
Қонун лойиҳаси қабул қилиниши юзасидан ўз хавотирини АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам Қирғизистон президенти Садир Жапаровга ёзган хатида билдирган эди.
Жамоатчилик ва халқаро ташкилотлар Қирғизистон президентидан ушбу қонунга вето қўйишни сўраган эди.