Қозоғистоннинг энг йирик банки бўлмиш Halyk Bank Россиянинг "Мир" банк карталарига хизмат кўрсатмайдиган бўлди. Бу маълумотни банкнинг матбуот хизмати тасдиқлаган.
Чекловнинг асл сабаблари ошкор этилмаган. Бироқ бунга сабаб Украинага босқинидан сўнг Россияга нисбатан киритилган АҚШ санкциялари эканлигини таҳмин қилиш мумкин.
Аввалроқ Қирғизистонда 5 апрелдан "Мир" карталарига хизмат кўрсатишдан тийилган эди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг "Элкарт" миллий тўлов тизими маълум қилган.
Бевосита АҚШ санкцияларига «Мир» карталарининг оператори "Россия миллий тўлов карталари тизими" АЖ учраган. Бироқ ўтган йили АҚШ президенти Жо Байден Россияга қарши санкциялар режимини бузган ҳар қандай ташкилотга нисбатан иккиламчи чекловлар жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолаганди.
Аввалроқ "Мир" карталари билан ишлашни Арманистоннинг деярли барча банклари, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Вьетнам ва Туркиянинг айрим банклари ҳамда Samsung Pay ва Apple Pay тизимлари тўхтатган эди.