Қозоғистонда тошқинлар бошлангандан бери 72 минг одам хавфсиз ҳудудга кўчирилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилган.
Вазирлик баёнотида айтилишича, фавқулодда вазият рўй берган ҳудудлардан эвакуация қилинганларнинг учдан бири ҳозирда вақтинча жойлаштириш пунктларида яшамоқда, қолганлар яқинларининг уйига жойлашган.
Ғарбий Қозоғистон, Ақтўбе, Қўстанай, Атирау, Қарағанда ва Оқмола вилоятларида тошқин билан боғлиқ фавқулодда вазият барқарор оғирлигича қолмоқда. Қор эриши туфайли пайдо бўлган сув тураржойлар, хўжалик биноларига кириб, кўприк ва тўғонларни бузиб, йўлларни ювиб кетмоқда.
Тошқин оқибатларини бартараф қилишга ФВВ, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардиянинг шахсий таркиби ва техникаси жалб қилинган.
Ҳозирда Ақтўбе, Сазди, Ашису ва Жартас сув омборларидан сув ташлаб юборилмоқда. Ақтўбе вилоятидаги Қарғали сув омбори ҳам тўлиб бораётгани айтиляпти. Аввалроқ маҳаллий расмийлар Илек ва Қарғали дарёлари бўйида яшовчи одамларни уй-жойларини тарк этиб, бошқа жойга кетиб туришга чақиришган эди.
Тошқин оқибатида вайрон бўлган тураржойларни қуришга ва тиклаш ишларига сарфланажак маблағ Қозоғистон ҳукумати ва маҳаллий ҳокимиятлар резервида ажратилади.
Ҳукумат маълумотига кўра, ҳозирда Қозоғистоннинг 7 та вилояти юқори хавф-хатар зонасида бўлиб, 20дан ортиқ шаҳар ва туманларда фавқулодда вазият тартиби эълон қилинган.
Ушбу тошқин оҳирги 30 йилда содир бўлган энг катта тошқин ҳисобланади.
Қозоғистон президент Қасим-Жомарт Тоқаев 30 март куни қозоғистонликлар олдида узр сўради. У ҳукуматнинг тошқин мавсумидаги ишини қониқарсиз, нопрофессионал деб баҳолаб, амалдорларга интизомий чоралар кўрилишини билдирган.