Вилнюс суди 7 апрель куни тожикистонлик қочқин ва сиёсий фаол Сулаймон Давлатовни икки ойга ҳибсга олди. Ҳозирда у депортация ҳибсхонасида сақланмоқда. Унинг адвокати Игнотас Унгаила суд қарори устидан шикоят киритган.
Адвокатнинг Озоди радиосига айтишича, “ишда жиноят аломатларини тополмадим, бироқ негадир Давлатов Литва миллий хавфсизлигига таҳдид деб топилган ва унинг иши махфийлаштирилган".
Ижтимоий тармоқларда тез-тез исломий мавзуларда баҳс-мунозараларга қўшилиб, Тожикистон ҳукуматини кескин танқид қилиб келган Сулаймон Давлатов шу йилнинг 5 апрелида ҳибсга олинган эди.
Давлатовнинг ўзи мухолифат фаоли Шарофиддин Гадоев билан видеомулоқотда Литва махсус хизматларининг "ҳамкорлик таклифини" рад этгани учун ҳибсга олинганини айтган. Таклиф этилган "ҳамкорлик" нималардан иборат эканлигига у аниқлик киритмаган.
Сулаймон Давлатовнинг адвокати ва яқинлари ҳам унинг ҳибсга олинишининг асл сабабини билишмайди, чунки суд ёпиқ тарзда ўтган ва унга қўйилган айбловлар ошкор этилмаган.
40 ёшдаги Сулаймон Давлатов аввал Тожикистонда тақиқланган “Гуруҳ 24” аъзоси бўлган. Охирги 9 йилдан бери у Вилнюсда яшайди ва ресторан, дўкон ва новвойхона мажмуасини юритади. Унинг учта фарзанди бор.
Давлатов Литва миллий хавфсизлигига таҳдид деб топилган ва унинг иши махфий тоифага киритилган.