Қирғизистоннинг “Институт Медиа Полиси” (ИМП) жамоат фонди ҳукуматдан ОАВ ва сайтларда туҳмат ва ҳақорат учун жаримани киритаётган қонун лойиҳасини қайтариб олишга чақирди.
ИМП ҳуҳуқуқшунослари Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги ишлаб чиққан ушбу қонун лойиҳасида нуқсонлар мавжудлигини таъкидламоқда.
ИМП айтишича, 2010 йилда туҳмат ва ҳақорат учун жиноий жавобгарлик бекор қилинган. “Ўша пайт журналистларни туҳмат ёки ҳақорат учун жиноий жавобгарликка тортиш “демократик жамиятга ярашмаслиги” айтилган ва бундай ҳуқуқбузарликларни маъмурий қонунчилик доирасида тартибга солишнинг ўзи кифоя қилиши белгиланган эди", дейилади жамғарма баёнотида.
Маданият вазирлиги таклиф қилаётган ўзгартиришлар қабул қилинса, туҳмат ёки ҳақорат бўйича иш очиш учун жабрланган инсоннинг аризаси ҳам шарт бўлмай қолади, давлат органининг ўзи иш очиши мумкин бўлиб қолади. Натижада, томонларни яраштириш имконсиз бўлади ва вазият боши берк кўчага кириб қолади.
Бундан ташқари, жаримани Маданият вазирлиги солиши таклиф қилинмоқда, бироқ бу функция давлат органининг вазифаларига тўғри келмайди.
Маданият вазирлиги 1 апрель куни Жиноят кодексига ОАВ ва сайтларда туҳмат ва ҳақорат учун жарима солишни кўзда тутувчи тузатишларни киритишни таклиф қилди. Ҳужжат Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров топшириғига биноан ишлаб чиқилган. Лойиҳа муаллифларининг таъкидлашича, амалдаги қонунчиликда ОАВ ва интернет платформаларида ҳақорат қилиш ва ёлғон маълумотлар тарқатиш ҳолатларига етарлича таъсирчан жавоб кўзда тутилмаган.
“Институт Медиа Полиси” қирғиз ҳукуматидан “туҳматлар” ҳақидаги қонун лойиҳасини қайтариб олишни сўрамоқда

Маданият вазирлиги Жиноят кодексига ОАВ ва сайтларда туҳмат ва ҳақорат учун жаримани кўзда тутувчи тузатишларни киритмоқчи.