7 йилга озодликдан маҳрум қилинган машҳур марафончи ва рўйхатдан ўтмаган “Олға, Қозоғистон!” мухолифат партияси етакчиси Марат Жиланбоев "экстремизмни молиялаштирувчилар" рўйхатига киритилди.
Молиявий мониторинг агентлиги сайтида эълон қилинган янгиланган рўйхатга кўра, Жиланбоев ушбу рўйхатга 8 апрель куни тушган.
Унинг адвокати Меиржан Доскараевнинг айтишича, ушбу чора Совет даврида амал қилган "халқ душманларининг ҳуқуқларини чеклаш"нинг айнисидир.
Марат Жиланбоев 2023 йилнинг ноябрь ойида 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.60 яшар марафончи “тақиқланган ташкилотга алоқадорлик” ва “экстремистик ташкилот фаолиятини молиялаштириш”да айбланиб қамалган.
У гўёки Францияда яшовчи мухолифатчи Мухтор Аблязов ва у асос солган "Демократик танлов" ҳаракати (Европа парламенти ўз резолюциясиида бу ташкилотни тинч мухолифат деб таснифлаган – таҳр.) билан ҳамкорлик қилган.
Жиланбоев айбловларни рад этади.
Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Марат Жиланбоевни “сиёсий маҳбуслар” рўйхатига киритган.
Марат Жиланбоев 1990 йилларда барча энг йирик, Қорақум, Саҳро чўли, Катта Виктория ва Невада чўлида марафон югурган дунёдаги ягона инсон. У етти марта Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.
У Қозоғистонни 30 йилга яқин бошқарган Нурсултон Назарбоев 2019 йил баҳорида истеъфога чиқиб, унинг ўрнига Қосим-Жомарт Токаев келганидан сўнг норозилик намойишларида фаол иштирок эта бошлаган.
У Францияда яшовчи мухолифатчи Мухтор Аблязовнинг ташкилоти билан ҳамкорлик қилганликда айбдор деб топилган.