Воқеа “хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун муҳокамаси пайтида содир бўлган. Мдинарадзе баҳсли қонун лойиҳаси юзасидан “Лело” партияси вакили Анна Нацвлишвили билан мунозара қилаётган пайтда Элисашвили минбар ортида турган депутатнинг ёнига бориб, юзига мушт туширган. Шундан сўнг ҳар икки депутат мажлислар залини тарк этган. ОАВ вакилларининг маълум қилишларича, депутатлар ўртасидаги муштлашув бино йўлагида давом этган.
Кейинроқ Алеко Элисашвили парламент биносини тарк этиб, журналистларга қуйидагиларни айтган: “Мен доим “Грузия орзуси” билан инсончасига муомала қилишга уринганман, улар эса бизни Россия томонга судраб кетишмоқда… Ҳозир уйда ўтирадиган пайт эмас. кўчага чиқиш керак. Биз уларни “Россия қонуни”га қўшиб улоқтириб ташлашимиз керак. Буларнинг ҳаммаси жонга тегди ва мен бу Россия агенти – Мдинарадзенинг юзига боплаб туширдим”.
Депутатнинг иддаосига кўра, муштлашувдан кейин уни парламент биносидан чиқариб юборишган. Орадан ярим соат ўтгач, юридик қўмита мажлиси қайта бошлаган. Қўмита раиси Анри Оханашвили мухолифатга юзланган.
“Мен бу ерда бўлган барча мухолифатчилар ва ҳуқуқ фаолларини бу одамнинг қабиҳона қилиғига баҳо беришга чақираман. Агар кимдир бу ҳолатни изоҳламоқчи бўлса, сизга имкон бераман. Бу ерда чиқарадиганингиз ҳар қанақа провокацияга жуда қаттиққўллик билан жавоб берилади”, дея билдирган Оханашвили.
Содир бўлган воқеани шарҳлар экан, Мамука Мдинарадзе Алеко Элисашвили унинг ёнига “ўғриларга ўхшаб, писиб келиб”, юзига мушт туширгани, бу эса “эркакча иш бўлмагани”ни айтган.
Эслатиб ўтамиз, Грузия парламентида шу кунларда “Хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси бошланган. Мазкур қонун танқидчилари унинг Россиядаги “Хорижий агентлар тўғрисида”ги баҳсли қонундан кўчирма эканини иддао қилишмоқда.
Бу қонуннинг қабул қилинишидан норози бўлганлар 15 апрель оқшомида парламент биноси ёнида “Европага – ҳа, Россияга қонунига йўқ, деймиз” деб номланган акцияни ўтказишларини билдиришган.