Ссылки доступа

Қозоғистонда яна уч фаол “сиёсий маҳбуслар” рўйхатига киритилди


Остона мамлакатда сиёсий маҳбуслар ёки сиёсий таъқиб мавжудлигини инкор этади.

17 апрель куни қозоғистонлик ҳуқуқбонлардан иборат экспертлар гуруҳи сиёсий маҳбуслар рўйхати кенгайганини маълум қилди.

"Сиёсий маҳбус" сифатида чимкентлик фаол Калима Жапарова, кўкшетаулик фаол Малик Ахметкалиев ва олмаоталик Асилбек Жамуратовлар эътироф этилди. Ҳуқуқбонлар баёнотини "Ар.Рух.Хак" жамғармаси раҳбари Бахитжан Торегожина ўзининг Фасебоок саҳифасида эълон қилди.

Калима Жапарова доимо Россиянинг Украинага босқинини кескин қоралаб келган. У "Украинадаги рус фашистларига ўлим" деб ёзгани учун "миллий, диний, этник, синфий адоватни қўзғатиш"да айбланиб 2023 йилнинг октябрида қамалган эди.

Кўкшетауда маҳаллий ҳокимиятнинг фаолиятидаги камчиликларни танқид қилиб келган фаол Малик Ахметкалиев 2023 йилда ҳибсга олинган. У гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишда айбланмоқда.

Олмаоталик тадбиркор ва фаол Асилбек Жамуратов “Олға, Қозоғистон!” мухолифат партиясини давлат рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилиб келаётган эди. У шунингдек бошқа фаолларга моддий ёрдам кўрсатиб келган. 2023 йил ноябрда ҳибсга олинган Жамуратов “Терроризм ёки экстремистик фаолиятни молиялаштириш" айбланмоқда.

Қозоғистонлик сиёсий маҳбуслар рўйхати илк бор 2013 йилда чоп этилган. Шундан бери у доимо кенгайиб бормоқда. Остона мамлакатда сиёсий маҳбуслар ёки сиёсий таъқиб мавжудлигини инкор этади. Ҳуқуқбонларнинг айтишича, ЖК 174-моддаси ("Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш") расмийлар учун номақбул шахсларни таъқиб қилиш қуролига айланган. Ўнлаб фаоллар, журналистлар, блогерлар ва турли диний жамоалар вакиллари ушбу модда бўйича жиноий жазога ҳукм қилинган.

XS
SM
MD
LG