Озоди радиоси хабар беришича, тожикистонликларга оид 180 га яқин автомобиль Россия ҳудудига кириш учун рухсат кутмоқда. Чегарада тунашга мажбур бўлган тожикистонликларнинг маълум қилишича, уларга "тизим носозлиги" учун кутишлари кераклигини айтишган, бироқ қариялар,ёш болалар ва бошқа давлат фуқаролари бемалол чегарадан тезда ўтиб кетмоқда.
Унга кўра, Тожикистон фуқаролари алоҳида ва ҳар томонлама сўроқ қилинмоқда.
“Тожикистоннинг ҳар бир фуқароси бир соат давомида сўроқ қилинмоқда, телефонлари текширилмоқда. Ҳаво совуқ, ёмғир ёғяпти, одамлар машинада ўтиришга мажбур. Россия ҳудудига кириш жуда муаммоли бўлиб қолди”, дея шикоят қилмоқда Озоди радиоси билан суҳбатлашган тожиклар.
“14 ёшдан 60 ёшгача бўлган ҳар ким текширувдан ўтиши керак экан. Кунига 10 та машинага рухсат берилган. Бу ернинг шароити ёмон, ҳожатхона йўқ, аёллар ва болаларни жойлаштириш учун жой йўқ. Одамлар бир неча кундан бери кутишмоқда”, - дейди совуқдан жарбланаётган йўловчилардан бири.
Тожикистоннинг аксар фуқаролари Россияга Қозоғистон орқали борадилар. Йўловчилар вазият ҳақида Тожикистоннинг Россиядаги элчихонасига хабар беришган. Элчихонадагилар ёрдам беришга ваъда берган, аммо ҳозирча ҳеч нарса ўзгармаган. Тожикистон элчихонаси вакиллари вазиятга изоҳ беришмаяпти.
Вазият Тожикистон фуқаролари содир этганликда айбланаётган Крокуз залидаги теракт билан боғлиқ деб тахмин қилинмоқда.
Терактдан сўнг кўплаб мамлакатларда тожикистонликларга муносабат ўзгарди. Яқинда Грузия чегарачилари бир неча тожик фуқароларини мамлакатга киргизмади. Туркия ҳам Тожикистон билан визасиз режимни бекор қилди.
Қозоғистон орқали Россияга кирмоқчи бўлган юзлаб тожикистонликлар «Сагарчин» назорат-ўтказиш пунктида қолиб кетди.