Ссылки доступа

Москвада "Крокус" иши бўйича ўн учинчи гумонланувчи ҳибсга олинди


Москвадаги суд “Крокус Сити холл” концерт залига ҳужумга оид иш бўйича яна бир гумонланувчини ҳибсга олди. Тожикистонлик Жумахон Қурбонов ҳужумнинг муҳтамал ижрочиларини молиялаштириш схемасида иштирок этганликда гумонланмоқда. 

22 март куни Crocus City Hall концерт залида содир этилган отишма ва ундан кейинги ёнғин натижасида 144 киши ҳалок бўлган ва яна 551 киши яраланган эди.

Ҳужум учун жавобгарликни “Ислом давлати” террорчи гуруҳи ўз зиммасига олган бўлса-да, Россия ҳукумати ушбу воқеаларда “Украинанинг қўли” борлигини иддао қилиб келмоқда.

Россия тергов идоралари "Крокус"даги терактдан сўнг дастлаб тўрт нафар тожикистонликка нисбатан айблов эълон қилди. Тўрт айбланувчининг барчаси қўлга олиш чоғида ва ундан кейин жисмоний зўравонликка ва, катта эҳтимол билан, қийноқларга дучор бўлган. Хусусан, бир маҳбуснинг қулоғининг бир бўлаги кесиб олинган, яна бири эса, Россия ҳукуматпараст Телеграм-каналлар тарқатган фотосуратларга қараганда, электр токи билан қийноққа солинган бўлиши мумкин.

Кейинчалик яна саккиз нафар шахс, асосан Тожикистон фуқаролари, шерикликда гумонланиб ҳибсга олинган. Жумахон Қурбонов бу иш доирасида ҳибсга олинган ўн учинчи гумонланувчи бўлди.

Ҳужум Россия бўйлаб муҳожирларга қарши кайфиятни кучайтирди. Рус қонунчилари томонидан миграцияни чеклашга доир қатор таклифлар янгради. Россия иқтисодиёти муҳожирларга қаттиқ боғланган. Уларнинг аксариятини Марказий Осиёликлар жумладан Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон фуқаролари ташкил қилади.

Россия ОАВлари қонли ҳужумдан кейин ҳукумат муҳожирлар устидан назоратни кучайтиргани ҳақида ёзмоқда.

XS
SM
MD
LG