Ссылки доступа

Ўзбекистонда талабалар учун давлат грантини тақсимлаш тартиби ўзгаради


Энди Ўзбекистондаги олийгоҳларда давлат гранти ўринлари энг юқори балл тўплаган абитуриентлар ўртасидаги рақобат асосида белгиланади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида олий таълим тизими бўйича 6 май куни бўлиб ўтган тақдимотда айтиб ўтилди.

Ҳозирги қабул тизими, квоталарнинг тақсимланиши рақобатни тўлиқ таъминламаяпти. Айрим абитуриентлар юқори балл тўпласа-да, топширган олийгоҳининг квотаси сонига қараб, ўқишга киролмай қолиши мумкин, дейилади хабарда.

Янги тартибга кўра, муайян бир йўналишга ажратилган давлат гранти доирасида юқори балл тўплаган абитуриент, танлаган олий таълим муассасасидан қатъи назар, давлат грантига тавсия этилади. Яъни, юқори балл олган ёшлар ўқишга кирмай қолмайди.

Энди давлат гранти 4 йилга битта талабага эмас, балки ҳар йили юқори баҳоларга эришган талабалар орасида қайта тақсимланади.

Давлат раҳбари бу тизимни адолатли йўлга қўйиш, ёшларга ва ота-оналарга етказиш зарурлигини, ижтимоий тармоқларда ечимларни аниқ тушунтириш кераклигини таъкидлади.

Қайд этилишича, бугунги кунда бакалавриатда 306 та йўналиш, магистратурада 625 та мутахассислик бор. Лекин уларнинг айримлари халқаро стандартлар ва замонавий меҳнат бозори талабларига мос эмас. Бу битирувчиларда тўлиқ малака шаклланиши ва уларнинг ишга жойлашишида муайян қийинчиликлар туғдирмоқда.

XS
SM
MD
LG