Рамзан Қодировни Тошкент халқаро аэропортида Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов, Президент хавфсизлиги хизмати раҳбари ўринбосари, президентнинг кенжа куёви Отабек Умаров ва бошқалар кутиб олди.
Шундан сўнг, давлат раҳбари Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан учрашди.
«Мен ва азиз биродарларимни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов жуда илиқ ва самимий кутиб олди. Суҳбат чоғида у Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси туфайли эришилган мамлакатларимиз ўртасидаги шериклик муносабатларининг стратегик моҳиятини қайд этди. Абдулла Ниғматович, шунингдек, халқларимиз ўртасида азалдан дўстона муносабатлар ўрнатилгани, уларни сақлаш ва ривожлантириш зарурлигини алоҳида таъкидлади», – деб ёзди Қодиров.
У, шунингдек, Чеченистоннинг биринчи президенти Ахмат Хожи Қодиров Ўзбекистонда таҳсил олгани, шу сабаб чеченлар бу юртни илиқ қабул қилишини таъкидлади.
«Ишончим комилки, бизнинг ҳамкорликдаги фаолиятимиз Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни янги босқичга кўтаради ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка эришишга хизмат қилади», — деб ёзди Қодиров.
Аввал хабар қилинганидек, 26 май куни Владимир Путин давлат ташрифи билан Тошкентга келганди.